Янги туманлар ташкил этилишидан аҳоли азият чекмаслиги керак

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўрилаётган «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда маъмурий жарима солган ҳолда транспорт воситасини ушлаб туриш тартибини бекор қилиш ҳақидаги мурожаат «Mening fikrim» веб-порталига жойлаштирилиб, зарур миқдордаги овозлар сонини тўплаган ва модератор томонидан кўриб чиқишлик учун Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига юборилган. Мазкур мурожаат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига тегишли ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 

Қонун лойиҳасида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда Давлат йўл харакати ҳавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан транспорт воситасини ушлаб туришни бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади. Бу билан фуқаролар мулк ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилади.

ЎзХДП фракцияси самарасиз чекловлар, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, фуқаролар эмин-эркин ҳаракатланишига халақит қиладиган тартиб-қоидалар бекор қилинишини ҳар доим қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, фракция йиғилишида Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонуннинг 18 ҳамда 25-моддаларига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарори эълон қилинди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг таклифи инобатга олиниб, Тошкент шаҳри таркибида Янги ҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманлари чегараларини ўзгартириш назарда тутилган.

Йиғилишда, шунингдек, Наманган вилояти Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Аҳолининг кўпаяётгани давлат хизматлари кўрсатиш, бошқарувни такомиллаштириш, фуқаролар учун қулайликлар яратиш заруратини юзага келтирмоқда. Айниқса, кейинги йилларда пойтахтимизда амалга оширилган улкан қурилиш ишлари натижасида катта демографик ўзгаришлар кузатилди. Худди шунингдек Наманган шаҳрида ҳам қурилиш ишлари жадал кетмоқда, шаҳарда аҳоли сони йилдан-йилга ошмоқда. Бу ўз-ўзидан маъмурий бошқарувни қайта кўриб чиқиш масаласини кун тартибига қўйди.

Фракция аъзолари янги туманларни ташкил қилиш ҳақидаги қарорларнинг зарурати ва аҳамияти ҳақида ижобий фикрлар билдиришди. Депутатларнинг таъкидлашича, янги маъмурий ҳудудлар ташкил этилишида аҳолига қулайлик яратиш масаласига жиддий эътибор қаратилиши зарурлиги, қарорлар қабул қилиниши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган англашилмовчиликларнинг олдини олиш учун тушунтириш ишларини кучайтириш керак. Янги туманлар ташкил этилиши билан боғлиқ барча масалалар тизимли ҳал этилиши, қарор қабул қилингандан кейин одамлар қийналиб, сарсон бўлмаслиги зарур.

Йиғилиш давомида бошқа бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Ҳар бир қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси электорати манфаатидан келиб чиқиб, қизғин муҳокама этилди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари бошқа бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш