Қанчалик қийин бўлмасин, Яшаш минимуми ҳақида қонун қабул қилишимиз зарур

 

Халқ демократик партияси сайлов олдидан истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини белгилаш, бу борада қонун қабул қилиш таклифи билан чиққан эди. Бу партия Сайловолди дастурида принципиал масалалардан бири сифатида белгиланган. Мамлакатимизда узоқ йиллардан бери ҳал этилмай келаётган муаммоли ҳолатга ечим топишга, энг муҳими, Конституциямизнинг 39-моддасида назарда тутилган “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни белгилашга асос бўлиб хизмат қилади.

Ўтган давр мобайнида Халқ демократик партияси инсон саломатлигини сақлаш, унинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг намунавий минимал турлари рўйхатини ишлаб чиқиш бўйича таклифларни атрофлича ўрганди. партия фракцияси ва Марказий Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳи бу масалада хориж тажрибаси билан танишиб, кенг миқёсида таҳлил қилди.

Парламент қуйи палатасидаги партия фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида мутасадди вазирлик-идоралар, экспертлар иштирокида ушбу масала бир неча маротаба атрофлича муҳокама этилди. Шулар асосида “яшаш минимуми” тўғрисидаги қонун лойиҳаси концепцияси ва қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга тақдим этилди.

Ҳозирги пандемия шароитида дунё, хусусан, мамлакатимиз иқтисодиётида кутилмаган мураккаб вазият юзага келди. Халқ демократик партияси Яшаш минимуми ҳақида қонун қабул қилиниши давлат бюджетидан катта маблағ талаб этишини тўғри тушунади.

Лекин гап аҳолининг ижтимоий ҳимояси, камбағалликни қисқартириш ишлари самарадорлигини ошириш ҳақида, йиллар давомида орқага суриб келинаётган Конституциявий меъёрни рўёбга чиқариш тўғрисида кетганда, барча қийинчиликларга қарамасдан, ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиш шарт ва зарур, деб ҳисоблаймиз.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Сайлов-2019 Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш