Давлатобод номига яраша давлатманд, обод туман бўлсин

 

Бугун “Наманган вилояти Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилдик. Ишонаманки, бу хайрли иш бўлади.

Бир неча йилдан бери Наманган шаҳрида фаолият юритдим, шу шаҳарга ёндош Косонсой туманида улғайганман. Кейинги йиллардаги қурилиш ишлари, тадбиркорлик ривожланиши, аҳоли кўпайиши, туманлардан ишлаш ва яшаш учун кўчиб келиши натижасида Наманган шаҳримиз анча кенгайди, энига ҳам, бўйига ҳам ўсди.

Бу қувонарли ҳолат бўлиши билан бирга, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир кўрсата бошлаган эди. Чунки шаҳарнинг аҳолиси кўпайиши билан ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ҳам, мурожаатлар ҳам кўпайди. Бундай вазиятда одамларга тезкор хизмат кўрсатиш, уларнинг иши, бизнеси ривожланиши, ҳаёти юксалиши учун қулай шароит яратиш жуда муҳим эди. Парламент қуйи палатаси бугун қабул қилган қарор бу йўлда энди биринчи қадам, деб ўйлайман.

Нимага десангиз, янги туман (айниқса, шаҳар ичида) ташкил этиш осон иш эмас. Бунинг учун ҳали жараёнда юзага чиқадиган кўплаб масалалар ва мурожаатларни ҳал этишга тўғри келади. Фуқаролар қийинчилик ва сарсонгарчиликларга дуч келмаслиги учун биз, депутатлар ҳам бир четда қараб турмай, яқиндан ёрдам берамиз.

Давлатобод тумани таркибига Наманган шаҳридаги 25 та маҳалла ўтади. Булар – «Юксалиш», «Наврўз», «Нуробод», «Гулшан», «Орзу», «Порлоқ», «Навбаҳор», «Мустақиллик», «Тўқувчи», «Умид», «Янги тонг», «Халқлар дўстлиги», «Давлатобод», Қуйи Ғирвон», «Юқори Ғирвон», «Ўрта Ғирвон», «Боғ», «Элобод», «Гулобод», «Ирвадон», «Шишаки», «Қуйи Ровустон», «Ўрта Ровустон», «Юқори Ровустон» ва «Елхон».

Давлатободликлар хотиржам бўлиши керак, улар ҳали ҳам Наманган шаҳри аҳолиси ҳисобланишади, кўп нарса ўзгаргани йўқ: бозор ҳам, кўчалар ҳам ўша-ўша. Фақат уларга хизмат қиладиган давлат идоралари энди яқинроқ бўлади, таклифлар, мурожаатлар тез эшитилади. Давлатобод номига яраша давлатманд, обод туман бўлсин.


Анвархон Темиров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш