Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ходимлари карантин тартиб қоидаларига риоя этган ҳолда Янгийўл шаҳридаги кам таъминланган, Меҳрибонлик уйидан чиққан оилалар, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган аёллар истиқомат қиладиган ётоқхонага бориб, бу ердаги оилалар, аёллар ҳолидан хабар олишди. Ётоқхонада яратилган шароитлар ҳамда бу ерда яшаётган фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ўрганилди. Яшаш шароити оғир, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган оилаларга кийим-кечаклар, тиббий-гигиена воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек фарзандлари мактаб ёшида бўлган оилаларга ўқув қуроллари тарқатилди.
Венера Амирова:
– Ушбу ётоқхона 2017 йил қайта таъмирланиб топширилди. Бу ерда 21 та хонадон бор. Мен ҳам оилам билан шу ерда яшайман. Мен Меҳрибонлик уйи тарбияланувчисиман, бизга бошпана ажратиб берилганидан хурсандмиз, албатта. Лекин уйимиз бир хонали. 6 нафар фарзандим бор, 2 нафарини Меҳрибонлик уйига топширганман. Агар иш бўлса, ишга жойлашиб, кредитга арзон уй-жойлардан олиб, барча фарзандларим билан бирга яшасам дейман.
Зулфия Абдукаримова:
– Ёлғиз онаман, 2 нафар фарзандим билан шу ётоқхонада яшаймиз. Яқинда ободонлаштириш бўлимига ишга кирдим. Анчадан буён сув масаласида қийналиб келамиз. 2-3 км узоқликдан сувни челаклаб ташишимизга тўғри келади. Кўпчилик касал ва ногиронлиги бор шахслар яшашини инобатга олиб, сув олиб келинса яхши бўлар эди. Бир нечта ташкилотларга мурожаат қилганмиз, лекин натижа бўлмаяпти...
“Пистали” МФЙда жойлашган ушбу ётоқхона шаҳар Марказидан анча узоқда жойлашганлиги сабабли бу ерда яшайдиган аҳоли тиббий кўрикдан ўтишда айрим қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунингдек, газ, электр энергияси, иситиш тизимида ҳам муаммолар мавжудлигига гувоҳ бўлдик.
Албатта, аҳолини ўйлантириб келаётган ҳар бир масалага эътиборли бўлиш, муаммоларни вақтида бартараф этиш олдимизда турган муҳим вазифадир. Гап одамларимизнинг турмуш шароити ва ҳаёт сифатини яхшилаш ҳақида кетганда, бу масалага бефарқ қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Янгийўлдаги ётоқхонада истиқомат қилаётган юртдошларимизни ўйлантириб келаётган муаммоларни бартараф этишда халқ депутатлари Тошкент вилояти ҳамда Янгийўл шаҳар Кенгашларидаги ХДП депутатларини жалб этишга киришдик. Уларга тақдим қилиш учун таклифлар тайёрлаяпмиз. Яқин кунларда депутатларимиз муаммоларни ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўришади.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектори мудири.