Парламент депутатининг қандай сабаб билан судга чақирилиши ўта аҳамиятли масала

Депутат Расул Кушербаевнинг судга чақирилиши хавотир оладиган ҳолат эмас. Аксинча, депутатнинг сайловчилар манфаатларини суд мажлисида туриб ҳам ҳимоя қилаётгани вакиллик ҳокимиятига ишонч ошиши учун муҳим.

Суд мажлиси ваҳимали мажлис эмас, аксинча, ҳақиқат, адолат ва демократия униб чиқадиган жонли жараён.

Инсоннинг ўз ҳуқуқи, қадрини англаши, шахси ва нафсониятини ҳимоя қилиш инстинкти ўз-ўзидан уйғонмайди. Бу масалада очиқ ўтадиган, журналистлар, депутатлар, холис томонлар иштирок этадиган суд мажлисларидан намуналироқ ҳодиса содир бўлиши амри маҳол. Чунки бундай мажлислар ўзгаришларни астойдил истаётганларни жипслаштиради. Судга чақириш орқали руҳни тушириш ҳақида ўйловчи кучлар, кимсалар бўлса, уларнинг ҳаммаси шу томондан янглишади.

Аммо парламент депутатининг қандай сабаб билан судга чақирилиши ўта аҳамиятли масала. Депутат сайловчи мурожаати бўйича ёрдам беришга ҳаракат қилган бўлсаю, кимлардир бу ҳаракати учун депутатни асоссиз, сохта кўрсатмалар орқали обрўсизлантиришга уринса, бу энди бориб турган нопрофессионаллик, ғалати ҳолатдир.

Агар парламентнинг бир аъзоси “улуш” эвазига ёрдам берганликда айбланса ёки гумонланса, бу воқеа парламентнинг бошқа аъзоларига ҳам алоқадор масалага айланмайдими?..

Масалан, Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари йил бошидан бери қанчадан-қанча мурожаатларда кўтарилган масалалар ҳал этилишига ёрдам берди. Уларнинг орасида давлатдан ёрдам пули, банкдан кредит олишдан тортиб, мактаб ва боғча қурилишигача ҳал этилган мурожаатлар бор. Албатта, депутатларимизнинг орасида “улуш” эвазига ёрдам берганлари йўқ ва улар бу масалада гумон остига олинмайди, деб умид қиламиз.

Ўзбекистонда бошқа соҳаларда бўлгани каби парламент фаолиятида ҳам катта ислоҳотлар жараёнида турибмиз. Бу жараёнда парламент аъзоларининг фаол фаолияти, мавқеи биргаликда ҳимояланиши сайловчиларни ўйлантириб келаётган масалалар қонунга мувофиқ, адолатли тарзда ҳал этилишида қатъий аҳамиятга эга.

Тўлқин Тўрахонов,

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати раҳбари

← Рўйхатга қайтиш