Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Оққўрғон туманида ҳам ободонлаштириш ва одамларга арзон нархларда уй-жой қуриб бериш, ишлари жадал ривожланмоқда. Натижада 200 нафарга яқин оила мустақиллик байрамини янги уйларда кутиб олмоқда.
Оққўрғон туманида туман ҳокими Фарҳод Омонов раҳбарлигида ободонлаштириш ишлари жадал амалга оширилмоқда.
Йил бошидан бери туманда 15, 22, 25, 38-мактаблар бинолари, 3, 5, 16-мактабгача таълим муассасалари замон талаблари асосида барпо этилди. Туман қишлоқларида 50 км.дан ортиқ ички йўллар асфальтланди.
Туманда аҳолини электр қуввати ва газ билан узлуксиз таьминлаш ишлари тўлиқ амалга оширилди.
Шунингдек, ночор оилаларни камбағалликдан чиқариш учун “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Кам таьминланган оилаларга болали сигирлар, қўй, эчки, товуқлар, 0,5-1 гектардан экин уруғи экилган майдонлар тарқатилмоқда. Натижада шу кунгача 120 нафардан ортиқ оила камбағалликдан чиқиб, бахтли ҳаётга қадам қўйишди. Ана шундай оилалардан Шарифа Холматова, Карамат Эргашев, Умида Тошматова, Дилрабо Эргашевалар оилалари ўзларини тиклаб олиб, Юртбошимизга ўз миннатдорчиликларини билдиришмоқда.
Кун сайин обод бўлиб бораётган туманга камбағаллик ярашмайди, албатта.
Оққўрғон шаҳрида яшовчи Анвар ҳожи Нишонов ва Кумушхон ҳожи она Кабировалар оиласи томонидан “Хонобод” маҳалласида яшовчи 20 оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Маҳаллий аҳолидан тушган илтимосномалар асосида улар йил охиригача ночор оилалар фарзандларининг тўйларини ўтказиб беришни ҳам зиммасига олишди.
— Оилада олти жонмиз, — дейди “Хонобод” маҳалласи, Чилонзор кўчасида яшовчи Маҳлиё Собирова. — Анвар ҳожи Нишоновлар оиласи томонидан кўрсатилиб келинаётган меҳр-мурувватдан миннатдормиз.
Туман ҳокими муовини, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман кенгаши раиси Гулнора Абдуназимова билан биргаликда маҳалла аҳолисини мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами билан табрикладик, одамлар билан суҳбатлашдик. Улар кейинги йилларда туманда катта ўзгаришлар бўлаётганини миннатдор бўлиб гапиришди.
— Ҳозиргача 32 нафар оилани камбағалликдан чиқариш учун ҳомийлар ёрдамида сигир, қўй, эчки, товуқ, айримларга бир миллион сўмдан пул ёрдами тарқатдик, — деди “Зарбдор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Элмурод Турдибоев. — Қолган 28 оиланинг ҳар бирига 500 минг сўмдан пул тарқатилиб, ҳар қайси оилага буғдойдан кейин ҳайдалиб, сув қуйилиб, экин уруғи экилган майдонлардан бир гектардан ажратиб бердик.
Оддий одамларга ҳозиргидек эътибор ва ғамхўрликни ҳеч қачон кўрмаганмиз, — деди 90 ёшли Раҳмон ота Очилов. — Қаранг, қанча қурилишлар бўлаяпти. Ночорларга арзон уй-жой, ишлайман деганга ер бериляпти. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, мустақиллигимиз абадий бўлсин.
Сўнгра Шермуҳаммад Собиров раҳбарлигидаги “Зомин” фермер хўжалиги пахта далаларида бўлдик. У ерда меҳнат қилаётган Раҳмон Норматов, Баҳодир Маманов, Шавкат Сиддиқов, Роҳила Маматова каби ишчилар билан суҳбатлашдик, улар учун яратилаётган шароитлар билан танишдик. Одамларнинг сўзлари, юз-кўзларидан байрамона кайфият яққол сезилиб турибди.
Ҳа, Оққўрғон тумани аҳли мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрамини ана шундай кўтаринки руҳда кутиб олмоқда.
Зуҳра ШОДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.