«Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги қонун билан нималар ўзгарди?..

 

Аввало, айтиш керак, қонуннинг мақсади қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Шу билан бирга, қонунда бир қатор янги “кавшар”, “қимматбаҳо метал, қимматбаҳо тошлар” каби тушунчалар киритилмоқда.

Шунингдек, қимматбаҳо металларни аффинаж (тозалов) қилиш ажратиб олинган қимматбаҳо металларни физик ва кимёвий ишлов бериш усулларини қўллаган ҳолда аралашмалардан ҳамда қўшилиб чиқадиган компонентлардан тозалаш жараёни бўлиб, у ушбу металларнинг қимматбаҳо металларни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ёки аффинаж қилинган қимматбаҳо металларга оид халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифат даражасига етказилишига қаратилгандир.

Аффинаж корхоналари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва сотиш мақсадида биржа савдоларида иштирок этиш;

- аҳолидан қимматбаҳо металларни, шу жумладан олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни, қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ҳамда бошқа буюмларни, уларни ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган парчаларни ва чиқиндиларни сотиб олиш;

- қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва реализация қилиш пунктларини очиш.

Қазиб олинган қимматбаҳо металлар зарурий қайта ишлашдан (ишлов беришдан) кейин аффинаж қилишни амалга ошириш учун аффинаж корхоналарига келиб тушади, бундан қимматбаҳо металларнинг аффинаж қилинмайдиган ёмбилари мустасно.

Қимматбаҳо металларни саноат усулида қазиб олишни амалга оширувчи корхоналарда аффинаж фаолиятининг доимий давлат назорати мазкур корхоналарнинг ишлаб чиқариш объектларида таъминланади. Асиллик даражасини белгилаш палатаси ваколатли вакилларининг доимий равишда бўлиши имкониятини, шунингдек қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, улардан фойдаланиш, уларнинг муомалада бўлиши, сақланиши ва ҳисобга олинишини улар томонидан назорат қилиш тадбирлари ўтказилишини назарда тутади.

Қимматбаҳо металларни саноат усулида қазиб олишни амалга оширувчи корхоналарда аффинаж фаолиятининг доимий давлат назорати, муайян ишлаб чиқариш объектига нисбатан назоратни амалга оширишга доир тадбирларнинг режа-жадвали асосида таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўзининг қимматбаҳо металлардаги активларини тўлдириш мақсадида давлатнинг аффинаж қилинган қимматбаҳо металларни олишга бўлган устувор ҳуқуқини амалга оширишдан ёзма равишда воз кечишга ҳақли. Бу ҳолда саноат усулида қазиб олувчи субъектлар ва аффинаж корхоналари аффинаж қилинган қимматбаҳо металларни биржа орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилиш ҳуқуқига эга.

Қонунда шунга ўхшаш яна бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Дилбар Мамаджанова

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш