Янги давр келиши учун ўз ҳиссамизни қўшайлик

Ҳар қандай давлат ривожланиши унинг тарихи билан белгиланади. Табиийки, ижтимоий-тарихий жараён ҳар қайси мамлакатда турлича кечади. Лекин бу ҳодиса унинг ривожланиб, тараққий этишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ренессанс даври тушунчаси биринчи бўлиб Ғарбий Европа, яъни Италияда (XIV-XVI-асрлар)га нисбатан қўлланилган. Ренессанс тушунчаси –бу уйғониш маъносини англатади. Шундай экан уйғониш даври дастлаб Ғарбий Европа, яъни Италияда эмас, балки Марказий Осиё, Эрон ва Хитой ҳудудлари (IX-XII ва XV асрлар)га тўғри келади. Нима сабабдан айнан Марказий Осиё, Эрон ва Хитой ҳудудлари?

Чунки бу ҳудудда жойлашлашган давлатлар ўртасида қадимдан савдо-сотиқ, илм-тафаккур, маданият, адабиёт ва санъат, дунёвий гўзаллик тушунчалари кенг тарқалиши мавжуд бўлган. Шу сабабли ҳам дастлабки, Буюк ипак йўли тушунчалари айнан мана шу ҳудудлар орқали боғланган ҳамда кейинчалик Европа давлатларига боғланган.

Мамлакатимиз Марказий Осиё марказида жойлашгани ҳамда ўз даврида Муҳаммад Хоразмий, Абу Райхон Беруний, Абу Бакр Розий, Фарғоний, Умар Хайём, Мирзо Улуғбек каба алломаларимиз томонидан дунёни лол қолдирувчи кашфиётларига муаллифлик қилган. Адабиёт ва шеъриятда Рудакий, Фирдавсий, Шерозий, Жалолиддий Румий, Низомий Ганжавий, Абдурахмон Жомий ва Алишер Навоий каби ота-бобларимиз томонидан ўлмас асарлар яратилган. Буюк саркарда бобомиз Амир Темир томонидан бутун Европа давлатларида маданият-санъат, ислом дини кенг тарғиб қилинган ҳамда ҳаттоки адолатли давлат бошқарув усуллардан Европа давлатлари асрлар мобайнида ўз амалиётларида кенг фойдаланишган.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётганини таъкидлаб ўтди. Албатта, бу фикр замирида улкан янгиланишлар, катта режалар, қолаверса, эзгу ниятлар мужассамлашди. Шу маънода дунё ҳамжамиятида “Янги Ўзбекистон” ибораси қайта-қайта тилга олинаётгани бежиз эмас. Бу албатта, барчамизнинг қалбимизда ғурур ҳиссини уйғотади.

Халқимиз бунга тўла маънода лойиқ, десам адашмайман. Тўғри, пойдевор ўн йиллар олдин яратилиши керак эди, лекин бунга бевосита ва билвосита тўсиқлар мавжуд эди. Бугун 2020 йилга келиб давлатимиз раҳбари томонидан учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилиши бўйича имконият ва шароит яратиб берилмоқда.

Биз оғир кунларни бошидан кечирган, юрагидан ўтказган авлод эрксизлик, қарамлик нима эканини, мустақил бўлиб ишлаш ва яшашнинг қадрини ёшларимизга кенгроқ тушунтиришимиз, уларнинг қалбига етиб боришимиз керак, деб ўйлайман.

Биз бу ишни энг аввал ўзимизнинг оиламиз, фарзандларимиз, набираларимиздан бошлашимиз лозим. Халқимиз оғирини енгил қилиш учун бор шижоатимиз билан меҳнат қилишни ҳар биримиз қалбимизда шакллантира олсак, учинчи Ренессанс даврига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш