ҲАЁТ БИЗ ЎЙЛАГАНДАН АНЧА ДОНО

   

Сўзлари амалларига уйғун, дилидаги тилида, атрофдагиларга яхшилик қилиш иштиёқи билан яшаш — буларнинг барчаси саҳифамизнинг бу галги меҳмонига тегишли бўлган фазилатлардан. Елена Бабенко одамларга беминнат ёрдам қилиш, хизмат кўрсатиш, кўмаклашишни олий инсоний қадрият, деб билади. Асосийси, унинг ўзи ана шу тамойилга кўра яшашга ҳаракат қилади. Ёлғон гапириш, тилёғламалик, сохта мулозамат каби тушунчаларни ёқтирмаслиги шундоққина бизга берган жавобларида ҳам акс этди. Унинг айтишича, ҳеч қачон мансабга, амалга интилмаган. Депутатликка ҳам Халқ демократик партияси айнан ижтимоий ҳимоя масалаларига боғлиқ ғояларни, ташаббусларни илгари сургани учун номзодини илгари сурган. Андижон вилоят миқёсидаги беминнат кўнгиллилар фаолиятини оммалаштириш, уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалалари унинг асосий мақсадларидан бирига айланган.

     — Маълумки, илгари маҳаллий Кенгаш депутати бўлганларни озми-кўпми одамлар таниган бўлади. Сиз депутат бўлмагансиз, шунга қарамай, сайловчилар ишончига эришдингиз. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?
— Дарҳақиқат, мен ҳеч қачон депутат бўлмаганман, миямдан тосуякларимга қадар педагог эдим. 30 йиллик фаолиятим дастлаб, Ан дижон хорижий тиллар педагогика институтида, сўнгра Андижон давлат университетида рус тили ва адабиёти кафедрасида ўтди. Бир нарсани ишонч билан айта оламан. Мен касбим билан улғайдим. Чунки йўлим аввалида ўз олдимга мақсад қўйдим: яхши ўқитувчи, мураббий, ваколатли мутахассис, устоз, маслаҳатчи, дўст ва ўрнак бўлишга аҳд қилганман. Ўз ўзини ҳамда ирода кучини тарбиялаш, ўзини тута билиш, тинимсиз ўрганишга тайёрлик ва интилиш, шахсий дунёқараш, ҳаётий позицияни доимий равишда бойитиб бориш жиддий ҳаракатларни талаб қиладиган мураккаб вазифа саналади.           Машҳур ўқитувчи, шахснинг бепул таълим ва ижодий ривожланиш назариясининг муаллифи Мария Монтессори оддий, ёрқин ҳақиқатни кашф этди: болалар ўзларини ўраб турган нарсаларни ўрганадилар. Бу борада менга омад кулиб боқди. Менинг ажойиб устозларим бор эди. Мактаб йилларида турли тўгараклар ва бўлимларда ўқидим. Хусусан, рақснинг мураккаб турларидан то алпинизмгача, университетда ўқиётганимда фан олимпиадаларида қатнашганман, талабалар ҳаваскорлик театрида роллар ўйнаганман.

Ўз нуқтаи назарингизни ишончли ҳамда мазмунли баён этганингизда ҳатто курс ишларини ёзиш ва ҳимоя қилиш ҳам унутилмас воқеага айланиши мумкин. Сиз илмий раҳбар билан баҳслашасиз ва бу баҳсда нафақат талабага, балки ўқитувчига ҳам ҳақиқат ойдинлашади. Мен ўша дунёни ва шу муҳитни шогирдларим билан қайта тикладим: Андижон давлат университетида талабалар театрини ташкил этдим, “Саховат” ногиронлар ва қариялар
интернат уйида ва вилоят ОИТСга қарши кураш марказининг болалар бўлимида талабалардан иборат кўнгиллилар ҳаракатини туздим. Биз ўзимиз ўз ташаббусимиз билан, шунчаки одамлар ва ўз руҳиятимиз учун кўплаб маънавий-маърифий, тарбиявий, маданий тадбирлар ўтказдик, хайрия акциялари, ҳашарлар уюштирдик. Университетда 30 йил ишлаб, асосий фанлардан дарс бериб, минглаб бўлажак ўқитувчиларни тайёрладим. Айтганча, менинг кўплаб битирувчиларим мактабларга келиб, у ерда аллақачон ижодий тўгараклар, театр студиялари ва шоирлар клубларини ташкил этишган. Шу билан бир қаторда, вилоят рус тили ўқитувчилари учун кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказида ўқитишнинг инновацион технологиялари бўйича маърузалар қилдим. Вилоят телевидениесида рус тилидаги янгиликларни тайёрладим. Кимгадир кўмак бериш, матнларни
таҳрир қилиш, умуман ҳар қандай илтимосга лаббай, деб жавоб бердим. Агар инсон хоҳласа, қўлидан ҳамма иш келади. Буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман.

Кейин рус диаспораси мени Ўзбекистон рус маданий маркази Андижон вилояти бўлими бошқаруви раиси этиб танлади. Шундай қилиб, янги босқичдаги фаолият бошланди. Жуда ҳам жиддий ва масъулиятли. Улар менинг қанчалик принципиал эканимни билишади. Шунинг учун қўллаб-қувватлашди, деб ўйлайман.
— Миллий маданий марказ раҳбарлигидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигигача бўлган йўлдаги тарихни қандай
ёдга оласиз?
— Биласизми, бу жуда қизиқ ва қизғин жараёнлар эди. Ҳаётимнинг ҳар дақиқаси бошқасидан фарқ қиларди. Масалан, бир неча йил Андижонда рус маданий маркази бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб бордим. Чин қалбдан ишласангиз, бу бошқаларга сезилар экан. Қувонарлиси, одамлар имкониятларимни, салоҳиятимни, меҳнатга лаёқатимни ва сўзларим амалларга мувофиқлигига ишонди. Кейинги ҳисобот-сайлов конферен циясида яна мени бошқарув кенгаши номзоди сифатида кўрсатдилар,шунда кенгаш раиси этиб сайлашди. Марказнинг асосий вазифаси рус миллий маданияти, урф-одатлари, удумлари, тилини сақлаш, шахснинг уйғун ривожланишига кўмаклашиш, мамлакатда миллатлараро тотувлик,
тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат. Биз фаолларни тўплаб, марказ фаолиятини ҳамма учун очиқ ва равшан қилишга эришдик. Телеграм мессенжерида “Андижон вилоятининг рус маданий марказ” каналини ташкил этдик, у ерда марказнинг барча ишлари ёритиб борилди. Шунинг учун турли миллат, конфессия ва гуруҳлардаги шахслар бизга бирлашди. Вилоят ҳокимлиги ҳам бизни жуда қўллаб қувватлади. Зарурат уғилганда ташаббусларимизни амалга ошириш учун транспорт, жиҳозлар, реквизитлар, қўшимча жойлар билан таъминлади. Андижондаги барча давлат ва нодавлат тузилмалари билан яқин ҳамкорликда ишладик. Ҳар ким фаолият ривожига ўз ҳиссасини қўшишга, ёрдам беришга, сифатини оширишга интилди. Бундай ҳамкорликда ишлаш аллақачон ўзаро тушуниш ва ўзароҳурматни оширди.

Ўзбекистон рус маданий маркази Андижон вилояти филиалининг фаолият йўналишлари сирасига ижтимоий ҳимоя, ёлғиз ва қарияларни қўллаб-қувватлаш ҳам киради. Шунингдек, маданий, маърифий, тарбиявий тадбирлар, рус тили ва адабиётини ўқитишнинг инновацион технологиялари, педагогик маҳорат мактаблари бўйича илмий конференциялар, семинар-тренинглар ўтказади. Ногиронлар, қариялар ва болалар уйларида, ОИТСга қарши кураш марказларида ихтиёрий равишда хизмат кўрсатади. Ёшлар талабалар театрлари ва ижодий жамоалари тузиш, республиканинг маданий мерос объектларини сақлаш, меҳнат фахрийлари ва пенсионерлар учун соғлиқни сақлаш гуруҳларини шакллантириш масалаларини ҳамқамраб олади.
Кўп нарсани ўрганишимга тўғри келди. Натижада бизнинг рус маданий марказимиз халқаро марказга айланди. Ҳақиқий дўстлик маркази бўлди.
Жумбоқ жуда уйғун, органик тарзда шаклланди. Айтганча, мен ҳеч қачон раҳбарлик амбицияларини бошдан кечирмаганман. Миллий маданий марказ офисидаги юмушларни ўзим қилардим. Масалан, поллар, хона жиҳозлари ва деразаларни ўзим тозалар эдим. Ўзимни кўп миллатли Ўзбекистон алқининг бир вакили сифатида Андижон вилоятидаги рус диаспораси ўз фикри ва манфаатларини ифода этишни ишониб топширган шахс сифатида тутишга ҳаракат қилдим.
— Ўзингизни Қонунчилик палатаси аъзоси сифатида қандай тасаввур қилган эдингиз ва тасаввурингиз қанчалик тўғри чиқди?
— Бу ҳақда кун келиб айтиб бераман. Фақат ҳозир эмас.
— Экологик муаммолар ҳамиша долзарб бўлган. Айниқса, кейинги йилларда бу масалага эътибор жуда кучайди. Экологик муаммоларни ҳал қилиш учун қандай қонунлар зарур ёки қонунчиликка қанақа ўзгартишлар киритилиши керак, дебўйлайсиз ва келажак режаларингиз тўғрисида нима дея оласиз?
— Атроф-муҳит муаммолари, айтиш керакки, борган сари дунёни кўпроқ ташвишга солмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси шошилинч, ҳаётий ташаббуслар билан чиқмоқда. Шулардан бири Экологик Кодексдир. Унинг мақсади атроф-муҳитни муҳо фаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳадаги халқаро стандартларга асосланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўп-лами яратишдан иборат. Бу орқали фуқароларнинг қулай муҳитга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш имкони юзага келади. Бундан ташқари, “Атроф-муҳит аудити тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилмоқда. Ўйлайманки, бу экологик аудитни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосига айланади ҳамда мамлакатда экологик-иқтисодий фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган давлат сиёсатининг асосий тамойилларини конкретлаштиради. Умуман олганда, тизимдаги масалаларнинг ҳал бўлишига ҳуқуқий асос яратилади.

Шунингдек, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунни ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш устида ҳам иш олиб борилмоқда. Қонунлар ишлаб чиқилади ва
қабул қилинади. Аммо бу ерда яна бир масала ҳақида гап боради: биз, яъни одамлар ҳақида. Аввало, ўзимизнинг атроф-муҳитга бўлган муно-
сабатимизни ўзгартиришимиз керак. Умуман олганда, инсоният абадий истеъмолчи бўлиши мумкин эмаслигини тушуниши зарур. Албатта, бизга табиий ресурслардан фойдаланувчи мақомида бўлиш жуда қулай. Аммо асл ҳақиқатнинг кўриниши бутунлай бошқача.

Масалан, эколог олимларнинг фикрига кўра, сайёрамиздаги ҳар олтинчи одам аллақачон тоза ичимлик суви танқислигини бошдан кечирмоқда. Табиий ва иқлимий жараёнлар ўзгариши, урбанизация ривожланиб, аҳоли сони кўпайиши, саноат ҳамда қишлоқ хўжалигининг сувга бўлган эҳтиёжлари ошгани сайин вазият янада ёмонлашади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, келажакда нефть ва газ эмас, балки ичимлик суви жаҳон бозоридаги энг муҳим товарга айланади. Афсуски, нафақат сув, балки бошқа стратегик ҳаётий манбалардан нотўғри фойдаланаяпмиз. Биз табиат неъматларини қадрлаш тўғрисида жамоавий тушунчани ривожлантиришимиз керак. Акс ҳолда, у инъом этган неъматлардан ажралиб қолиш ҳеч гап эмас. Ва ниҳоят келажакдаги режалар ҳақида: ҳали кўп нарсаларни ўргани шимиз шарт. Зотан, ҳаёт биз ўйлагандан кўра анча доно. Бундан ташқари,
аввало, бугун режалаштирилган барча ишларни бажаришингиз лозим. Ана шунда эртанги кун мақсадлари яқинлашади.

“Ўзбекистон овози” мухбири
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди.

 

← Рўйхатга қайтиш