Кўнгиллилар билан уч томонлама шартнома имзоланмоқда

Фориш тумани “Амир Темур” маҳалласида пахта йиғим-теримига кўнгилли бўлиб борувчилар учун «Бўш иш ўринлари» меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу меҳнат ярмаркасида 100 нафардан зиёд фуқаролар иштирок этди.

Дастлаб, меҳнат ярмаркасига ташриф буюрган фуқароларга бу йилги пахта йиғим-теримида кўнгилли бўлиб иштирок этадиган теримчиларга яратиладиган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Теримда иштирок этган кўнгиллилар зарур иш стажига эга бўлади. 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўмдан иш ҳақи тўланади.

1 кунда 50 килограммдан ортиқ пахта терган теримчига қўшимча 1 литр, 100 килограммдан ортиқ пахта терган теримчиларга 2 литр ўсимлик ёғи берилади. 1 ҳафта давомида 1 тонна пахта терган теримчига қимматбаҳо совғалар тақдим этилади.

Бундан ташқари пахта теримига кўнгилли бўлиб бораётганларга олдиндан 500 минг сўмдан пул тўлаб берилади. Ярмаркада теримчилар дала шароитида 2 маҳал иссиқ овқат ва бепул транспорт, тиббий хизмат билан таъминланиши хакида айтилди.

ЎзХДП Фориш туман Кенгаши депутати Аҳмад Сояқулов фуқароларнинг саволларига жавоб берди.

Шундан сўнг, маҳалладан пахта йиғим-теримида иштирок этадиган 76 нафар кўнгиллилар билан маҳалла, туман бандликка кўмаклашиш маркази, фермер хўжалиги билан уч томонлама меҳнат шартномаси имзоланди. «Бўш иш ўринлари» меҳнат ярмаркалари бошқа маҳаллаларда ҳам бўлиб ўтмоқда.

Сафар Шакаров,

Халқ депутатлари Фориш туман кенгашидаги ЎзХДП депутати .

← Рўйхатга қайтиш