ХДП: мактабларни очиш масаласида шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди

 

Бугун, менимча, ҳар бир оилада муҳокама қилинаётган энг долзарб масала мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг қайта фаолият бошлаши ва у жойда болаларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ бўлмоқда.

Ярим йилдан бери болаларимиз макабларга бормаяпти, бу уларнинг ҳаёт тарзи, дунёқараши, ақлий ривожланишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Онлайн дарслар ташкил қилинган вақтда баъзи ота-оналар ўз боласига янги мавзуни тушунтириш, унинг беҳисоб саволларига жавоб топишга қийналган бўлса, баъзи бирлари, айниқса, қишлоқ жойларда онлайн дарс олиш имкон йўқлиги (электр таъминотидаги узилишлар ёки интернет тармоғидаги носозликлар, баъзида интернетнинг умуман йўқлиги) дан азият чекишди.

Мактабларнинг карантин талабларига тайёрлиги даражасига қараб, уларда 14 сентябрдан анъанавий тартибда ўқиш бошланиши режалаштирилган. Бу ўта жиддий ва масъулиятли масала. Шу сабаб Халқ демократик партияси депутатлари ва фаоллари томонидан жойлардаги мактаблар карантин шароитида ўқишни ташкил қилишга қай даражада тайёрлиги кўриб чиқилди.

Олинган натижалар эса қониқарли эмас. Масалан, Андижон вилояти бўйича 32 минг 860 нафар (76 %) педагоглар COVID-19 вирусини аниқлаш бўйича ПЗР тестларини топширган бўлиб, шундан 22 минг 375 нафаридан (52%) олинган тест синамалари лаборатория шароитида текширилиб, натижалари олинган. Ваҳоланки, тест синамасининг манфий кўрсаткичисиз ўқитувчини дарсга қўйиш мумкин эмас.

Вилоятда фаолият юритаётган 764 мактаб учун 20996 литр антисептик тайёрланди, деб маълумот берилди. Агар ҳар бир мактабга 27 литр атрофида антсептик модда тўғри келишини ҳисобга олсак, бу қанча кунга етади?.. Умуман, мактаб ҳажми, ўқувчилар сони асосида зарур бўладиган антисептик модда ва дезинфекцион моддалар эҳтиёжи ҳисоблаб чиқилганми?..

Бухоро вилояти Когон шаҳар 17–сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини янги ўқув йилига тайёрлаш учун маҳаллий ҳокимлик маблағ ажратмаган. Анисептик воситалар ўқитувчилар томонидан олинган.

Когон шаҳридаги 9-умумтаьлим мактабида кўрилган синф хонасида 1 та антисептик восита, 1 ўрам нам салфетка ва 3-4 дона ниқоб тайёрлаб қўйилган. Жиззах вилояти Зарбдор туманида 32 та мактаб мавжуд бўлиб, шу вақтгача биронта мактаб дезинфекция ва ҳарорат ўлчов воситалари билан таъминланмаган.

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабида 700 нафар ўқувчи 7-сентябрдан ўқимоқда. Мактабда 1 дона ҳарорат ўлчагич бор экан. Тумандаги 48-49-умумий ўрта таълим мактаблари ичимлик суви билан таъминланмаган. Мактабларга кириш хоналарида қўл ювиш жиҳозлари мавжуд эмас.

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 4985 нафар ўқитувчининг 897 нафари (18 фоиз), Узун туманидаги 2836 нафар ўқитувчининг 254 нафари (8.9 фоиз) коронавирусга тест топширган. Термиз туманидаги 3, 30 ва 33- мактабларда тоза ичимлик суви учун катта ҳажмдаги сув идишлари мавждуд эмас. Бойсун, Шеробод, Қизириқ, Музработ, Бандихон туманларидаги чекка ҳудудлардаги мактабларига тоза ичимлик суви ташиб келтирилади. Олтинсой туманидаги 69 та умумтаълим мактаблари тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.

Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги 3, 8, 28-умумтаълим мактаблари тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, ўқувчи сони кўп бўлган 1, 5, 8-умумтаълим мактабларида синф хоналарда масофа сақлаш масаласида муаммолар мавжуд.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида ўрганилган 9, 14, 15, 16, 17, 33, 34, 44, 50, 51, 52, 54, 60, 61, 70 ва 79- мактаблар ичимлик суви билан таъминланмаган. Муборак туманидаги мактаб ўқитувчилари коронавирусга тест топширган, 10 сентябрь кунига 67 нафар ўқитувчида коронавирус аникланган.

Бу каби маълумотлар шу кунларда ҳар бир вилоятдан олинди.

Бу сурат шу бу йил ўқиш бошланган мактабда олинган. Кўчада ҳар икки метрга чизиқ тортиб болаларни синфга киритганимиз нима-ю, бир партага ўтказиб қўйганимиз нима, қандай ижтимоий масофа ҳақида гапириш мумкин? Дарслар оралиғида танаффуслар бўладими, йўқми? Агар танаффус бўлса, мактаб йўлакларида қандай тартиб бўлади, бўлмаса болани ўқув куни давомида бир хонада ушлаб ўтиришнинг иложи борми ва бу унинг саломатлигига қандай таъсир қилади?..

Қабул қилинган кўрсатмада мактаб врачи ва ҳамшираси ҳар куни тиббий фильтр ташкил этади, деб кўрсатилган. Шу кўрсатмани тасдиқлаган мутасаддилар республикамизнинг неча фоиз мактаби врач ва ҳамшира билан таъминланганлиги ҳақида маълумот билан қизиқиб кўрдиларми?..

Яна бунинг устига юзага келиши аниқ бўлган саволга жавобан ҳудудий тиббий муассасадан врач ва ҳамшира бириктирилади, деб қўшиб қўйилган. Барча ҳудудда поликлиника ва ҚВП тизимида врачлар етишмаслиги ҳаммага маълум-ку!.. Яна бечора патронаж ҳамшираси балогардон бўладими?..

Ўзига юклатилган вазифалар кўплигидан улгура олмаётган, натижада аҳолидан ҳам, раҳбарларидан ҳам дакки эшитаётган ҳамшираларга Меҳнат кодекси қоидалари тааллуқли эмасми?.. Мактабда ўқув жараёни бошлангач, албатта бу соҳа деярли ҳар куни назорат қилинади, камчилик учун яна тиббий ходимлар айбдор топилиб, емаган сомсаларига 700-800 минг сўмлик маошларидан жарима тўлашларига тўғри келиши аниқ.

Бир неча йиллардан бери ҳал бўлмаётган мактаб ҳамшираси муаммоси бўйича агар ҳамшира иш штати мактаб штатлар жадвалига ўқувчи сонига қараб эмас, балки ҳар бир таълим муассасасига камида битта деб киритилса, услубий назорат соғлиқни сақлаш тизимига юкланса, ҳал бўлар эди.

Юқоридаги мисоллардан хулосага келдикки, болалар саломатлигини сақлаш масаласида шошма-шошарликка асло йўл қўйиб бўлмайди.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

← Рўйхатга қайтиш