Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида қонун қабул қилиниши тарихий воқеадир

 

2020 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалар қўмитаси, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари бошқарув кенгашлари ҳамкорлигида “Ногиронлар ижтимоий муҳофазаси, амалга оширилаётган ижобий ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида семинар ташкил этилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова семинарни очиш сўзида мамлакатимизда ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, улар учун жамиятда қулай ва мақбул муҳитни яратиш бўйича кенг ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Статистик маълумотларга қараганда, республика бўйича 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра 710 минг ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган.

ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳолининг меҳнат қила олмайдиган ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш устувор вазифалардан этиб белгиланган. Шунинг учун ҳам Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ногиронлиги бўлган шахслар жамияти билан имзоланган меморандум ижросига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Семинарда иштирокчилар ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий муҳофазаси, амалий ишлар, муаммолар ва уларнинг ечимини атрофлича таҳлил этишди.

Партиянинг Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш юзасидан таклифлар берилган.

Масалан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг хуқуқлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳасига партиянинг Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, берилган таклифлар инобатга олинган. Мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида қабул қилиниб, Сенатнинг 2020 йил 11 сентябрдаги йиғилиши кун тартибига киритилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали меҳнат ва уруш фахрийлари пансионатлари, “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйлари, ногирон болалар учун мактаб интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилаётган бюджет маблағларининг қатьий белгиланган мақсадлар учун бўйича депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга оид 180 та масала маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳларида ва 64 та масала доимий комиссияларда ва 54 та масала сессияларда кўриб чиқилган. Карантин даврида 750 га яқин ногиронлиги бор кишиларга хайрия асосида дори-дармон воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.

Семинарда ногиронлиги бор шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ечимини кутаётган масалалар ҳал этиш бўйича кўплаб таклиф, мулоҳазалар ўртага ташланди. Эҳтиёжманд кишилар ҳуқуқлари таъминланиши жамиятда барқарорликни сақлаш, ижтимоий адолатни қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Билдирилган фикр ва таклифлардан келиб чиқиб, ҳамкорликдаги режа ҳамда вазифалар белгилаб олинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш