Энди маҳаллий Кенгашларнинг ўз котибияти бўлади

 

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 21 август куни қабул қилинган, Сенат томонидан 11 сентябрь куни маъқулланган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиришлар киритилди.

Энг муҳим янгиликлардан бири – бундан кейин маҳаллий кенгашларнинг ўз котибияти бўлади.

Қонунга асосан эндиликда маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли Котибият томонидан таъминланади. Котибият юридик шахс ҳисобланади ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштирилади. Котибият тузилмаси, низоми, штатлари ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланади.

Котибият ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколат муддатига боғлиқ бўлмайди (бундан Котибият мудири мустасно). Котибият мудири тегишли маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан маҳаллий Кенгаш томонидан унинг ваколат муддатига тайинланади.

Котибият Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкига эга бўлади ҳамда котибиятнинг намунавий низоми ва намунавий тузилмаси Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш