Депутат болаларга қувонч улашди

Боланинг биргина табассуми дунёни бахтга, қувончга тўлдиради. Унинг кўзларига, беғубор нигоҳига боққанингда, дунё ташвишларини унутасан, саодат аслида нималигини ҳис этасан. Жажжи қўлчаларини тутаркансан, беғараз меҳрни туясан.

Ўзбекистон ХДП Яккасарой туман кенгаши ҳамда «Олтин қанот» кўнгилли ёшлар гуруҳи томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этган иштирокчиларнинг кўнглидан ана шундай ўйлар ўтган бўлса ажаб эмас. Ҳудудаги эҳтиёжманд оила аъзолари, ногиронлиги бўлган болалар учун пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди. Улар кун давомида тенгдошлари, депутатлар билан бўлиб, суҳбатлашишди.

— Дунёдаги ҳар бир ота-она фарзандим, деб яшайди, унинг комил инсон бўлиб етишиши, жамиятга фойдаси тегишини истайди, — дейди халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Назокат Ғуломова. — Партиямиз ҳам бу эзгу иш­ларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилиб келмоқда. Жойларда болажонлар учун турли хайрия тадбирлари ташкил этиляпти. Эҳтиёжманд оилалар фар­занд­лари қўл­лаб-қувватланмоқда, ногиронлиги бўлган болалар манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.

— Тарих фанини жуда яхши кўраман, — деди Юлдуз Раҳимжонова. — Юртимиз ўтмишига оид асарларни мароқ билан мутолаа қиламан. Яқинда Марсель Брионнинг Амир Темур ҳаётига бағишланган китобини ўқишни бошладим. Бугунги саёҳатимиз давомида Темурийлар тарихи давлат музейида бўлдик. Гидлар бизни кўргазма залидаги ноёб экспонатлар билан таништирди. Бу мен учун жуда фойдали бўлди. Ҳатто керакли маълумотларни ёзиб олдим.

— Сайрга кўпинча оила аъзоларим билан чиқардим, — деди Алишер Тагинов. — Бугун эса тенгдошларим билан пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойларда бўлдик. Турли мавзуларда суҳбатлашдик. Кун давомида бир-биримизни яқиндан танишиб, дўстлашишга имкон бўлди.

Энг кўп Олмазор туманидаги «River Park» сайилгоҳи ёқди. У ердаги дунёга машҳур тарихий обидаларнинг кичик намуналарини кўрдик. Ният қилдим. Келажакда зўр архитектор бўламан. Мана шундай сайлгоҳлар қуриб, кўп болаларнинг қувончига қувонч қўшаман.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Матбуот хизмати.

Теглар

Тошкент Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш