Экологик муаммоларни бартараф этишга ҳар биримиз масъулмиз!

 

Йилдан-йилга экологик муаммолар кўпайиб, уларни ҳал этиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Табиат ва инсон ўртасидаги муносабатларни муайян қонунлар асосида бошқариш, уларга риоя қилмаслик эртами-кечми, албатта, экологик фалокатга олиб келади. Бундай муаммолардан бири азон қатламининг емирилишидир.

16 сентябрь – Озон қатламини муҳофаза қилиш халқаро куни. Барча мамлакатлар озон қатламини муҳофаза қилиш, уни ҳозирги ва келажак авлодлар учун асрашнинг муҳим аҳамияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлик даражасини яхшилашга қаратилган қизиқарли тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Озон қатлами, бу нозик газ қалқони, Ерни маълум бир қуёш нурлари зарарли таъсиридан ҳимоя қилиб, бу сайёрада ҳаётнинг сақланиб қолишига катта ҳисса қўшади.

Шунинг учун ҳам озонни емирувчи моддаларни назорат остига олиш, қисқартириш ва бу каби моддалардан фойдаланишни пасайтириш нафақат ҳозирги ва келажак авлодлар манфаати учун озон қатламини ҳимоя қилишга ёрдам беради, балки иқлим ўзгаришини ҳал қилишда катта ҳисса қўшади.

Бу юпқа қатлам ерга тушаётган қуёш радиациясининг қарийб 93-99 фоизини тутиб қолиб, сайёрамиздаги жамики тирик организмни зарарли ультрабинафша нурлари таъсиридан асрайди. Бироқ ушбу ҳимоя қатламининг емирилиши атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи муаммоларни келтириб чиқаришини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим.

2005 йил 11 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ҳозирги вақтда республикамизда озонни емирувчи моддаларнинг 99,95 фоизи муомаладан чиқарилди. Бу корхоналарда совитиш моддаларини рециркуляция қилиш ҳамда қайта ишлатиш бўйича амалий тадбирларни тобора кенгайтирилмоқда.

Бундай ижобий натижага эришилишида юртимизда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарма ҳамкорлигида олтита лойиҳа, жумладан, озонни емирувчи моддалар ишлатилишини қисқартиришга қаратилган лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётгани муҳим омил бўлди.

Буларнинг барчаси озон емирувчи моддалардан фойдаланишни кескин қисқартириш, ердаги ҳаётнинг мустаҳкам қалқони бўлган ҳимоя қатламининг тикланишига хизмат қилади.

Келажак олдидаги қарзимиз ҳамда фарзимиз – бу барчамиз экологик маданият ва экологик билимга эга бўлиш, табиат ва унинг бир бўлаги бўлмиш озон қатламини асрамоғимиз, уни авлодларга яроқли ҳолда етказишдир.

 

Холбек Жалолов,

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси

 
← Рўйхатга қайтиш