Бухоро вилоятининг Олот туманида “Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари— қонун ҳимоясида” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди. Унда жорий йилги сайловларга тайёргарлик кўриш ва бу жараёнда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, меҳнат соҳасида гендер тенгликни таъминлаш борасида фикр алмашилди.
— Ҳудудларда сайловга тайёргарлик ишлари кенг кўламда олиб бориляпти, – дейди Олот тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман кенгаши депутати Наргиза Неъматова. – Депутатликка номзодларнинг 50 фоиздан ортиғи фаол аёлларимиз орасидан кўрсатилиши бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилган. Партия билан ҳамкорликда парламент депутатлигига номзодларни тайёрлаш ва жорий йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда депутатлар орасида уларнинг улушини 30 тадан кам бўлмаслигига эришишга астойдил ҳаракат қилаяпмиз. Бу жараёнда аёлларнинг етакчилик қобилиятини ўстириш, бунда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, салоҳиятли кадрларни аниқлаб, улардан захира шакллантириш масаласи7га алоҳида эътибор бериляпти. Ўйлайманки, бу ҳаракатларимиз ўз натижасини бермасдан қолмайди.
Тадбирда сўзга чиққан “Оила” ИАТ маркази туман бўлими раҳбари Чиннигул Қувондиқова, ЎзХДП Олот туман кенгаши “Фаол аёллар” қаноти раҳбари Муборак Рўзиева мавзу доирасида ўз мулоҳазаларини билдирди. Иштирокчилар томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларига оид масалалар бўйича саволлар берилди. Ҳар бир масала юзасидан мутахассисларнинг жавоблари, фикр-мулоҳазалари тингланди.
Шунингдек, ишга жойлашиш, имтиёзли кредитлар олиш, иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳам фикр алмашилди. Тадбир сўнгида бўлажак сайловлар жараёнига тайёргарликни янада кучайтириш, унда аёллар сиёсий фаоллигини ошириш юзасидан бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгиланди.
Шаҳло БАҚОЕВА,
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби.