Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш сектори Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятида “Хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш” мавзусида видеомулоқот шаклида тадбир уюштирди.
Тадбирда Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармаси, “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциациясининг Сирдарё вилоят бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб - қуватлаш бошқармаси, Марказий банк, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ички ишлар бошқармасининг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими, Сирдарё вилоят Савдо-саноат палатаси масъуллари ҳамда Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлар иштирок этди.
Тадбир давомида давлат раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат хуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг вилоятда бажарилиши юзасидан тегишли ташкилотларнинг ҳисоботи эшитилиб, келгусидаги вазифалар белгиланиб олинди.
Ушбу Қарор билан жойларда нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилди. Ушбу марказ аёлларга тадбиркорлик масаласида ёрдам кўрсатади. Қайд этилдики, яратилаётган бундай имкониятлар албатта ҳар бир аёлда мехнатга, ўз тадбиркорлик қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ ўйғотади. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди. Бу ўз навбатида барча вазирлик, идора ва ташкилотлар, сиёсий партиялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъул ходими М.Эшонхонованинг таъкидлашича, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тижорат банкларига ҳар йили ажратиладиган 100 миллиард сўм ресурс маблағлари имтиёзли кредит маблағларининг манбаси ҳисобланади. Мазкур ресурс маблағларининг камида 50 фоизи қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилган.
Бугунги кунда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондидан 2020 йилнинг июль-сентябрь ойлари давомида 4,6 млрд.сўм ресурс маблағи ваколатли банкларга туширилиб, ушбу ресурс маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан биргаликда аёл тадбиркорларнинг бизнес лойиҳалари рўйхати шакллантирилиб ваколатли банкларга тақдим этилмоқда.
Ваколатли банклар бўлган Агро банк, Халқ банки ва Микрокредит банк томонидан ушбу ресурс маблағи хисобидан 223 та аёл тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларига 3,3 млрд.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Қолаётган 1,3 млрд.сўм ресурс маблағи хисобига ваколатли банклар томонидан “Тадбиркор аёл” лойиҳалари бўйича кредит ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари жадал суръатларда борилмоқда.
Тадбир давомида ҳамкор ташкилотлар томонидан вилоятда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.
Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда ҳамкорлик ишлари етарли даражада олиб борилмаётганлиги, қарор ва фармонларнинг ижроси устидан назорат сустлиги таъкидланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектори мудири.