Депутатга берилган ваколатлар орасида депутатлик сўрови алоҳида аҳамиятга эга. Негаки, унда кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, энг аввало, инсон тақдири, кўпчиликнинг манфаатлари туради. Қолаверса, бу тизим одамларнинг партияга ишончини оширишга хизмат қилади.
Бугун Бухоро вилояти бўйича партиямиздан сайланган 90 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Улардан 15 нафари вилоят, 75 нафари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларидир. Бу рақамлар партия ва унинг ғояларига сайловчилар томонидан катта ишонч билдирилганини кўрсатади, албатта. Лекин бугун сайловчи партиямизга депутатларнинг сонига қараб эмас, балки уларнинг ишига, фаолиятининг самарадорлигига қараб баҳо беради. Шу боис бор имконият ҳамда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири, десак хато бўлмайди.
Жорий йилнинг 6 ойида халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи ва аъзолари томонидан жами 142 та депутатлик сўрови ижро органлари мансабдор шахсларига юборилди. Шундан 128 таси ижобий ҳал этилди.
Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Акбар Фазилов Бухоро шаҳридаги Ҳамид Олимжон кўчасида яшовчи Ҳусан Файзиев билан суҳбатда у юрак хасталиги бўйича даволаниш учун тиббиёт бирлашмасидан ордер олишга қийналаётган экан. Депутат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига депутат сўрови билан чиқди ва муаммо ҳал бўлди.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида яшовчи Баҳодир Афаков ногиронлик аравачасига муҳтожлигини билдирди. Депутат Акбар Фазилов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи И.Нарзиевга шу ҳақда депутатлик сўрови юборди, фуқарога ногиронлик аравачаси етказиб берилди.
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгаши депутати Шамсиддин Яхшиев ҳам хонадонма-хонадон юриб, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганмоқда. 2020 йилнинг 27 апрелида бўлиб ўтган табиий офат натижасида Шафтолизор кўчасидаги 1958 йилда ўрнатилган сим ёғочларга қаттиқ шикаст етганди. Кўчадаги айрим уйларнинг ҳовлисидаги электр симлари узилиб тушганди. Ҳатто аксарият сим ёғочлар ҳовли ичида қолиб кетгани ҳам рост. Вазиятни ўрганган депутат масала ечимини ортга суриб бўлмаслгини билди. Бухоро шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарига симёғочларни янгилаб, уларни аҳоли хонадонидан хавфсиз, узоқроқ масофада ўрнатишда амалий ёрдам сўраб, депутат сўрови юборди. Мазкур депутатлик сўровига жавоб вақтида келди. Бироқ, унда аниқ жавоб берилмади. Депутат қайта-қайта юборган депутатлик сўровига худди шу тарзда жавоб қайтарилмоқда. Муаммо эса ечимини топгани йўқ. Аммо депутат ҳам ҳаракатдан тўхтагани йўқ.
Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Таҳлиллар кўрсатяптики, депутатларимизнинг 3 фоизи ҳали биронта ҳам депутатлик сўрови чиқармаган. Биз ёш депутатларга йўл-йўриқ кўрсатилиб, тажрибали депутатлар фаолиятини намуна қилишга тўғри келмоқда.
Яна бир масала. Хўш, ижроия органлари депутатлик сўровларига ўз вақтида асослантирилган тарзда тушунтиришлар бераяптими?
Айтиш жоизки, депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда. Аммо айрим жавобларда аниқлик йўқлиги кишини ўйга толдиради. Жавоб келибди, дея хатжилдни очамизу, “...сўраган масалангиз кейинги йилда ўрганилади..”, ёки “...мурожаатингизга кўра, маълум қиламизки, йўлни таъмирлаш кейинги йилда давлат дастурига киритилади,” каби жавоблардан кўнгил тўлмайди. Чунки кейинги йили дастурга кирмай қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам масала депутат назоратидан олинмайди. Хафсаламиз пир бўлади. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Янада аниқроғи, ўз масаласи ечимида депутатга умид боғлаган сайловчига нима, деб жавоб қайтаришга ҳайрон қоласан киши.
Шу ўринда танганинг иккинчи томонига ҳам назар ташлаш керак бўлади. Ўрганишлар депутатлик сўровлари сифатини оширишни тақозо этаётганини кўрсатмоқда. Афсуски, депутатлик сўрови предмети, юбориш субъекти, қўйиладиган масала долзарблигини белгилаш билан боғлиқ масалаларига барча депутатлар ҳам етарли эътибор бермаяпти.
Бугун мамлакатимизда сиёсий партияларнинг демократик ислоҳотлар жараёнида иштироки сезиларли даражада кучайиб бормоқда. Аммо шиддат билан ўзгараётган ҳаёт, партиямиз фаолиятини ҳам янги босқичга кўтариш, янада ташаббускор ва фаол бўлиш, халққа тобора яқинлашишни талаб этаётир. Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз кўпроқ ташаббус кўрсатиши, кўпчиликни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал қилиш таклифлари билан чиқиши зарур. Ана шундагина бизга ишониб овоз бериб сайлаган сайловчилар ишончини оқлай оламиз.
Робия КАЗИМОВА,
ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси.