Адолатли глобал тизимни яратиш йўлидаги муҳим ташаббуслар

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқини тинглар эканман, кўнглимда турли ҳиссиётлар уйғонди. Бош Ассамблея тарихида илк бор ўз она тилимизда давлатимиз раҳбари томонидан дадил ташаббуслар илгари сурилгани янгиланаётган Ўзбекистон учун, юксалаётган халқимиз учун қалбим чексиз фахрга тўлди!

БМТ Бош Ассамблеясининг сессияси коронавирус пандемияси туфайли биринчи маротаба онлайн мулоқот режимида ўтаётгани инсоният қанчалик таҳликали ва мураккаб замонда яшаётганлигини кўрсатди.

Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазиятни енгиш учун БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш тўғрисидаги давлатимиз раҳбарининг таклифи ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, деб ўйлайман.

Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилаётган Халқаро кодекс қабул қилиниши ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Дарҳақиқат, инсоният глобал фалокат ёқасида турган вақтда ер юзидаги барча давлатларнинг ҳукуматлари, парламентлари ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни ривожлантириш ўта муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.

Шунингдек, Президентимиз томонидан Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисида ҳам ўта муҳим таклиф билдирилди.

Маълумки, охирги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар натижасида аҳолимиз, фуқаролик жамиятлари, шу жумладан сиёсий партияларнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Пировард натижада, халқимизнинг иродасини ифода этувчи ҳамда сиёсий партиялар учун кураш майдони бўлган – Парламентимизнинг давлат бошқарувидаги иштироки ва ўрни мустаҳкамланмоқда.

Шунинг учун, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ва Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда, ҳукумат билан бир қаторда, бевосита халқ вакилларидан иборат бўлган парламент, жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини ифода этувчи фуқаролик жамиятларининг фаол иштирок этиши жуда муҳимдир.

Чунки, мамлакатимиз парламенти ва фуқаролик жамиятларимизнинг халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаоллашуви, халқ вакиллари ўртасида расмиятчиликдан ҳоли бўлган ишончли муносабатлар вужудга келишига, мамлакатимиздаги олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда тан олиниши ва эътироф этилишига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтишни истар эдимки, Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясидаги нутқи ҳамда илгари сурган ташаббуслари мамлакатимиз тарихида янги ва ёрқин саҳифа бўлди.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш