ЎзХДП фракцияси: Президентимизнинг БМТ сессиясидаги нутқи кенг ўрганилади ва тарғиб этилади

 

2020 йил 24 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, вазирлик, ташкилотлардан таклиф этилган экспертлар ҳамда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75 сессиясидаги нутқида билдирилган фикр-мулоҳазалар, халқаро миқёсдаги муаммоларни ҳал этишга хизмат қиладиган таклиф ва ташаббусларнинг мамлакатимиз ҳамда бутун дунё давлатлари учун катта аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

Қайд этилдики, шундай синовли даврда ўтаётган БМТ сессиясида давлатимиз раҳбарининг дунёнинг қудратли ва илғор давлатлари лидерлари қаторида нутқ сўзлаши, жаҳондаги энг юксак минбардан туриб халқаро миқёсда долзарб бўлиб турган муаммоларга ечим бўладиган аниқ таклиф-ташаббусларни илгари сурганини бутун жамоатчилигимиз қаторида Ўзбекистон ХДПнинг парламентдаги депутатлари ҳам юксак ғурур ва ифтихор билан қабул қилди.

Давлатимиз раҳбарининг минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари билдирган қатъий позициясини ХДП фракцияси тўла қўллаб-қувватлайди. Жойларда ўтказиладиган учрашув ва мулоқотлар давомида мазкур тарихий нутқнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилигимиз орасида кенг тарғиб этилади.

Кун тартибига кўра, депутатлар томонидан “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасининг мақсади коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳодисаларининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар доирасида тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун лойиҳаси билан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга нарх-наво ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган. Хусусан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун белгиланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни суғориш учун фойдаланиладиган сув ҳажми солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтириш назарда тутилган.

Нарх-навонинг ошиши ХДП электорати манфааатларига жиддий салбий таъсир кўратади. Шунинг фракция аъзолари бу борада аҳамиятга эга бўладиган таклифларни қўллаб-қувватлашларини маълум қилди.

Йиғилишда, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатларини янги таҳрирдаги Солиқ кодекси меъёрларига мослаштириш қонун лойиҳасининг асосий мақсадидир.

Сўзга чиққанлар томонидан алоҳида қайд этилдики, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси натижасида амалиётда бир-бирини зидловчи қонун ҳужжатлари юзага келишининг олди олинади. Аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлашади. Шунингдек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли орасида қонунларнинг ҳар хил талқин қилинишининг олдини олишга ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда тадбиркорлик муҳити жохибадорлигининг ошишига хизмат қилувчи аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллашишига олиб келади.

Фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилишди.

Қайд этилдики, бугунги кунда дунё мамлакатлари билан бирга мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси тез суръатларда тарқалиб, Ўзбекистон Республикасида ушбу инфекция билан зарарланган фуқароларнинг сони кун сайин ортиб бораётгани бу борада фавқулодда чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда. Республикамизда сўнгги вақтларда ҳукм сураётган нохуш эпедимиологик вазият аксарият ҳолларда фуқаролар томонидан карантин қоидаларига риоя этилмаслиги билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Шу сабабли мамлакатимизда ҳукм сураётган нохуш эпидемиологик вазиятдан ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиқиб, шунингдек, эпидемияларга қарши кураш қоидаларига риоя этилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш мақсадида ички ишлар органларига ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 123-моддасида (Транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича иш юритиш ваколатини профилактика инспекторлари билан бир қаторда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига ҳам бериш таклиф этилмоқда. Чунки, ушбу ҳуқуқбузарликлар кўп ҳолларда йўлларда содир этилмоқда ҳамда уларга тегишли таъсир чорасини айнан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан кўрилиши мазкур ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари пандемия шароитидан ва кейинги вақтларда вирус билан касалланганлар кўпаяётганини ҳисобга олиб, мазкур ўзгаришларни маъқуллади.

Депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама этилди.

Қайд этилдики, мазкур Қонун лойиҳаси билан 2 та қонунга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунига ҳамда 2013 йил 26 декабрда қабул қилинган Қонун билан тасдиқланган Бюджет кодексининг 63-моддасига таҳририй ўзгартиришлар киритилмоқда.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада таомиллаштириш бўйича қонунчиликни мувофиқлаштиради, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг фаолияти самарадорлиги оширилади.

Фракция аъзолари, шунингдек, кун тартибидан ўрин олган бошқа қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама этиб, мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан фракция позицияси белгиланди ва шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Халқ демократик демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш