Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашиш – муҳим масала

 

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясидаги нутқида жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтираётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ҳақиқаттан ҳам, бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда.

Ўтган йили сайёрамиздаги 700 миллион киши очарчилик муаммосига йўлиққан эди, 2020 йилда вазият янада оғирлашади. Охирги беш йилда очлар сони 60 миллион кишига ошди. Мутахассислар овқат етишмовчилиги бўйича энг кўп ҳолатлар Осиёда (381 миллион киши очликдан азоб чекмоқда) кузатилаётгани, очарчилик энг тез Африкада (250 миллион киши) тарқаётганини қайд этишди. Учинчи ўринда эса Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари — 48 миллион киши тўйиб овқат емасликдан қийналмоқда.

«Коронавирус пандемияси глобал озиқ-овқат тизимининг ҳимояланмаганлиги ва номувофиқлиги ҳолатларини борган сари кучайтиряпти. 2020 йилда очликдан азоб чекаётганлар қаторига яна 132 миллион киши қўшилиши кутиляпти», — дейилади БМТ ҳисоботида.

Бу кўрсаткичнинг ўзиёқ, жаҳонда глобал қашшоқликни, камағалчилик ва очарчиликларни енгиш бўйича барча давлатлар олдида турган муаммоларни хал қилишда бир ёқадан келишган холда биргаликда енгиб ўтишга барча давлатларни умумий хатарларга қарши янгича ёндашув асосида ва яқин ҳамкорликда ишлаш зарурлигини билдиради.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этмоқда. Бутун дунёда пандемия давом этаётган ҳозирги мураккаб шароитда бундай масаланинг қўйилиши барча давлатлар учун муҳимдир, албатта. Ўзбекистон раҳбарининг айтишича, пандемиядан кейинги дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси бутунлай бошқача тус олади.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотларда камбағалликка қарши курашиш масаласи кўндаланг қўйилди. Президентимиз йирик саммитда туриб, қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашиш ташаббуси халқаро ҳамжамият бу борадаги вазифалари ва мақсадларини қайта кўриб чиқишга даъват этмоқда.

 

Жаҳонгир Олимов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 
← Рўйхатга қайтиш