Қашқадарёда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг ижроси ўрганилди

 

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзолари ишчи гуруҳ билан бирга “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг Қашқадарё вилоятида ижро этилиши ҳолатини ўрганишди.

Ўрганиш мобайнида вилоятда хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга манзилли ёрдам кўрсатиш, айниқса, хотин-қизларнинг маълум бир тоифаси билан якка тартибда ишлаш каби масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

Вилоятда зўравонлик ишлатишдан азият чеккан аёлларга кўрсатилаётган ёрдам, амалий ишлар ҳам батафсил ўрганилмоқда. Ҳудудда бугунги кунга қадар 502 ҳимоя ордерлари расмийлаштирилиб берилган. Хусусан, ишчи гуруҳ Қарши, Косон тумани ва Қарши шаҳрида мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

 Шунингдек, опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, маҳаллаларда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳам ўрганилди.

Оилавий муносабатлар соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш борасидаги вазифалар ижроси ҳам ишчи гуруҳ аъзоларининг диққат марказида бўлди. Биргина Қарши туманида зўравонлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказида 2019 йилда 242 нафар фуқарони қабул қилинган бўлиб, уларга тегишли ёрдамлар кўрсатилган.

2020 йил давомида 27 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга  ҳимояга ордери берилган, шундан 8 нафари реабилитация маркази тавсиясига кўра берилган. 27 нафар ҳимоя ордери берилган хотин-қизларга маҳалла масъуллари, профилактика инспектори, жамоатчилик  кенгаши  аъзолари бириктирилган ва доимий назоратга олинган, ушбу хотин-қизлар билан доимий якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматова реаблитация марказлари раҳбарлари, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича маҳалла раиси ўринбосарларига тавсиялар берди.

Ш.Худойқулова,

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши сектор мудири

← Рўйхатга қайтиш