ХДП таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш бўйича таклифлар тайёрлашга киришди

 

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, қуйи палатанинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Таълимда сифат ва самарадорликка эришиш: долзарб масалалар ва амалий таклифлар” мавзусида республика онлайн конференцияси ўтказилди. Унда ташкилотчилар билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда таълим тизими ходимлари ҳудудий студиялардан қатнашди.

Конференция аввалида Президент Шавкат Мирзиеёвнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқи, унда илгари сурилган фикрлар ва ташаббуслар халқаро экспертлар, етук сиёсатчилар томонидан фаол қўллаб-қувватланаётганига эътибор қаратилди.

Синовли даврда ўтган БМТ сессиясида Ўзбекистон Президенти дунёнинг қудратли ва илғор давлатлари лидерлари қаторида нутқ сўзлаши, халқаро миқёсда долзарб бўлиб турган муаммоларга ечим бўладиган аниқ таклиф-ташаббусларни илгари сургани ҳар бир юртдошимизни ғурурлантириши таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалаларида билдирган қатъий позицияси Халқ демократик партияси томонидан фаол қўллаб-қувватланган ҳолда, жойларда ўтказиладиган учрашув ва мулоқотлар давомида мазкур тарихий нутқнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти кенг тушунтирилмоқда, тарғиб этилмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан табриклаб, таълим тизимидаги ислоҳотлар, педагогларнинг фидокорона меҳнатлари ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

Алоҳида қайд этилдики, пандемия билан боғлиқ қийинчиликларни енгиб ўтиш учун таълим тизимида улкан ва масъулиятли ишлар амалга оширилмоқда. Онлайн дарслар ташкил этилди, ўқувчилар таълимдан, тарбиядан узилиб қолмаслиги учун мураккабликларга қарамай муҳим чоралар кўрилди. Мураккаб даврда ҳам ўқитувчи ва педагоглар касбга садоқат, ўқувчиларига мустаҳкам меҳри билан катта ирода кўрсатиб, онлайн дарсларни ташкил этиб келишмоқда.


Кейинги йилларда таълим тизимида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга ошмоқда. Соҳани замонавий мезонлар асосида такомиллаштиришга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Минглаб янги таълим муассасалари барпо этилди. Узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар босқичма-босқич ҳал этиляпти.

Айниқса, ўқитувчилик касбига бўлган ҳурмат ва ўқитувчининг обрў-эътиборини ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Мактабларда фаолият олиб бораётган педагог ва раҳбар ходимларнинг маоши оширилди. Халқ таълими ходимларига қатор имтиёзлар бериш тизими жорий этилди. Буларнинг барчаси таълим-тарбия жараёнларининг сифати ва даражасини замон талаблари асосида тубдан яхшилаш, заҳматкаш устозларимиз, мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган барча фидойи инсонлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг қадр-қимматини юксалтиришга қаратилгани билан айниқса аҳамиятлидир, дейишди сўзга чиққанлар.

Конференцияда ютуқларни эътироф этиш билан бирга, таълим тизими олдида юзага келаётган муаммоли ҳолатларни муҳокама этиш, таклифларни ўрганиш, керак бўлса, юзага келадиган янги чақирувларга тайёр туриш жуда муҳимлиги ҳам таъкидланди.

Ушбу долзарб масала таълим соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар, партия фаоллари билан мулоқот асосида муҳокама этилди. Ечимини кутаётган масалалар бўйича фикр алмашилди, танқидий таҳлил асосида таклифлар билдирилди.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Гулшана Худоёрова, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шоҳиста Турғунова, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов, Халқ таълими вазирлиги Таълим сифати мониторинги бошқармаси бошлиғи Лазиз Хўжақулов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Азиз Мамадалиев, Тошкент молия институти профессори, иқтисод фанлари доктори Шарбат Абдуллаеванинг таълим ва инновация, халқ таълимини ривожлантириш, олий таълимда имкониятлардан кенг фойдаланиш масалаларида маърузалари тингланди.

Конференцияда таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида ҳукуматга киритиш учун Халқ демократик партияси фракциясининг таклифлари тайёрланиши бўйича якдил хулосага келинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш