Минтақавий ва глобал масалаларда Ўзбекистон ташаббусларининг аҳамияти беқиёс

 

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашида тарихий аҳамиятга эга бўлди. Жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилотнинг анжуманида давлатимиз раҳбарининг халқаро ташаббуслар билан мамлакатимиз обрў-эътибори ошиб бораётганинининг намунаси бўлди, дейиш мумкин.

Мамлакатимиз Президентининг ушбу анжумандаги нутқи ўзининг чуқур маъно-мазмуни, амалий руҳи, халқаро ташаббусларга, ҳаётий далилларга бойлиги билан кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бугунги кунда минтақа давлатлари, қолаверса, дунё аҳлини ташвишга солаётган турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишлангани билан ҳам аҳамиятлидир.

Коронавирус пандемияси туфайли дунёнинг кўплаб давлатлари синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Албатта, бундай мураккаб шароитда фуқаролар саломатлигини асраш, турмуш фаровонлигини таъминлаш асосий масала сифатида майдонга чиқди. Дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар юзага келди. Тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган ушбу масалада жаҳон жамоатчилигидан биргаликдаги доимий саъй-ҳаракатни талаб этади.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида коронавирус пандемиясига алоҳида тўхталиб ўтди ва бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаганини таъкидлади. Барча ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда  ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англаганини алоҳида таъкидлади. Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир, деди Президентимиз.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси камбағалликка қарши кураш бўйича ўн йилликларни эълон қилиб, тегишли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Чунки камбағалликка қарши кураш глобал масаладир.

Президентимизнинг қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммит ўтказиш бўйича билдирган қатъий позициясини партиямиз тўла қўллаб-қувватлайди.

Чунки бугунги эпидемиологик вазият сабабли бутун дунёда ишсизлар сони ошди, аҳоли даромадлари пасайди. Бунинг натижасида эса, дунёнинг кўпгина миллий иқтисодиётларида ЯИМ ўсишининг секинлашуви, реал даромадларнинг пасайиши, ижтимоий табақаланишнинг чуқурлашуви ва қашшоқликнинг ортиши кузатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Бош котиб Антониу Гутерриш жанобларининг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини маъқуллашини билдирди.

Сир эмаски, сўнгги йилларда аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, бозорни хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш долзарб масалага айланди. Айниқса, пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш янада жиддий масала сифатида кун тартибига чиқди, озиқ-овқат тақчиллиги хавфи тобора ортиб бормоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлигини масаласи барча давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш гарови ҳисобланади. Бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Масаланинг халқаро ҳамжамият даражасида муҳокама этилиши  давлатларнинг хавфсиз, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш салоҳиятини оширишга, қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлади, деб ўйлайман.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажис Қонунчилик палатаси депутати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш