Имкониятимиз, салоҳиятимиз етарли, ҳамма гап интилишда

 

Юртнинг эртаси, фаровон келажаги ёшларга, уларнинг таълим-тарбияси эътибор билан чамбарчас боғлиқ. Жаҳонда ўз ўрни ва мавқеи сақланиб қолишини истаган ҳар бир халқ ёшларни қўллаб-қувватлайди, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш учун шароит яратади. Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири белгилангани биз ёшлар учун катта фахр-ифтихор ва имкониятдир.

Бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Президентимиз инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланган эди.

Куни кеча ҳам Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида яна бир бор ёшлар масаласига тўхталиб ўтди. Бу биз ёшларни жудаям қувонтирди.

Ёшлар ҳақида сўз юритганда, бу жиҳатдан Ўзбекистон дунёдаги энг бой давлат, деб айтишга тўла ҳақлимиз. Чунки биздаги каби аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этадиган давлатлар дунёда жуда кам. Муҳими, юртимизда уларга қаратилаётган эътиборнинг юксаклигида. Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди.

Аммо ёшлар билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал қилиш учун эса биз ёшлар ўзимиз ташаббус кўрсатишимиз мақсадга мувофиқ. Бунинг учун албатта биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳам бу борада тизимли таклифлар устида иш олиб бормоқдамиз. Имкониятимиз, салоҳиятимиз етарли, ҳамма гап интилишда.

Умуман, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади.

 

Мафтуна ЖЎРАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

Ёшлар парламенти қўмитаси раиси.

 

Теглар

Олий Мажлис yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш