Таълим-тарбия масаласи ҳаёт йўлидаги энг биринчи масаладир

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини чуқур ислоҳ қилиш, педагог кадрлар меҳнатини қадрлаш орқали келажагимиз ворисларининг таълим-тарбияси ва интеллектуал қобилиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан қатор қарор ва фармонлар қабул қилиндики, бу нафақат соҳа ходимларини, балки фарзандларимиз бахтли келажагидан умидвор бутун бир халқимизни қувонтирмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотларни аввало, таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди.

Шундан келиб чиқиб, республикамизда таълимга эътибор тубдан кучайди, тизимда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 29 апрелдаги фармонига мувофиқ, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди.

Бугунги кунда республикамизда 9942 та умумий ўрта таълим мактаби, 215 та “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёт маркази, 22 та Меҳрибонлик уйи фаолият кўрсатмоқда. Мазкур таълим муассасаларида 6 мил¬лион 119 минг 440 ўқувчилар таълим-тарбия оляпти. Уларга 481 минг 604 нафар ўқитувчи ва мураббийлар устозлик қилаяпти.

Умумтаълим мактабларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Қурилиш-таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари кенг қулоч ёйди. Янгидан-янги замонавий мактаблар барпо этиляпти. 2020 йилда республика бўйича жами 84 872 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 315 та мактабларда қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Президент мактаблари, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби адиблар ижод мактаблари ташкил этилди.

Таълим ва тарбиянинг асосий пойдевори бу – мактаб бўлса, мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир. Мамлакатимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунининг кенг нишонланиши ҳам ушбу заҳматли касб эгалари меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган чуқур ҳурмат-эҳтиром ва эътибор намунасидир.

Сўнгги 4 йил давомида халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳам ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилди. Очиғини айтиш керак, бир пайтлар ўқитувчилар қишлоқ хўжалиги ва ободонлаштириш ишларига кенг жалб этилар эди. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан ўқитувчилар мавсумий мажбурий меҳнатга жалб қилинмайдиган бўлди. Оддий тилда айтганда, устознинг, ўқитувчининг кўкрагига шамол тегди.

Тарбиячи ва ўқитувчилар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Шунингдек, ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити сифатида берилади. Бу ҳақда “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга кўра, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар бериш ҳам белгилаб қўйилган. Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган янги “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳам таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатлари билан ҳам аҳамиятли, албатта. Ўйлаймизки, кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат фидойилик билан меҳнат қилаётган ўқитувчиларимизга янада куч-ғайрат беради.

Партиямиз Сайловолди дастурида таълим масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Партиямиз сафида 100 минглаб педагоглар бор ва биз бундан фахрланамиз. Партия ташкилотларимиз, депутатлар ўқув муассасаларидаги шарт-шароитларни яхшилаш, ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича муайян ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатларимиз узлуксиз давом этади.

 

Фахриддин Элмуродов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Бош консультанти.

 
← Рўйхатга қайтиш