Ногиронларни парвариш қилаётган кишиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш лозим

 

Мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ўзгариш ва ислоҳотлар ҳақида узоқ гапириш мумкин.

Лекин тизимда ижобий ишлар билан бирга, депутатларимизнинг ҳалқ билан мулоқотлари вақтида айрим ечимини кутаётган муаммолар юзага чиқмоқда. Ушбу масалалар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциянинг кенгайтирилган йиғилишларида Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари ва Ногиронлар ассоциацияси вакиллари билан кенг муҳокама қилиниб, ечимлари бўйича асосланган таклиф ва тавсиялар тайёрланмоқда.

Депутатлар ўрганган маълумотлар таҳлили мамлакатимизда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда айрим тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни аксарият ҳолларда оила аъзолари парваришлайли. Болаликдан ногиронлиги бўлганларга эса асосан онаси қарайди.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 9 млн. 800 минг нафардан зиёд 16 ёшгача болалар бўлиб, уларнинг 100 минг 110 нафарида ногиронлик бор. Ногиронлиги бор болаларнинг 54 минг 846 нафари ўғил, 45 минг 264 нафари қизлар. Уларнинг 43 минг 47 нафари шаҳарларда, 57 минг 63 нафари қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Ногирон болаларнинг 51 минг 56 нафари туғма ногирон бўлиб, 49 минг 54 нафарида ортирилган ногиронлик мавжуд.

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 6 та болалар Мурувват уйи мавжуд бўлиб, уларда 1 минг 908 нафар ногиронлиги бор болалар (жами ногиронлиги бор болаларнинг 1,9 фоизи) парваришланмоқда. Ушбу муассасаларда таъминот (озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармонлар ва бошқалар) тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилмоқда. Мурувват уйларида ҳар 2 нафар ногиронлиги бор болага ўртача 1 нафардан тарбиячи (энага) тўғри келяпти, улар давлат бюджети ҳисобидан ойлик олиб ишлаб келмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ногиронлиги бўлган болаларнинг аксарият қисми, яъни 98 минг 202 нафари (98,1 фоиз) ўз оиласида ота ва оналар қарамоғида парваришланмоқда. Ушбу ногиронлиги бўлган болаларнинг кўпчилиги таянч-ҳаракат тизими, асаб ва руҳий касалликларга чалинган бўлиб, доимий парваришга муҳтож. Бундай парваришни амалга ошириш катта саъй-ҳаракат, ирода ва вақтни талаб этиб, айниқса, қишлоқ жойларда бундай парваришни хўжалик фаолияти билан биргаликда амалга ошириш жуда мушкул ҳисобланади. Қайд этиш лозимки, ўз оиласида парваришланаётган ногиронлиги бор болалар эҳтиёжи (озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармонлар ва уларни парваришлаш) учун давлат бюджетидан ҳеч қандай харажатлар амалга оширилмайди.

Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлганлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуни 37-моддаси 1-қисми “д” бандида I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож 80 ёшга тўлган шахсларга қараб турилган вақт ёшга доир пенсия тайинланаётганида иш стажига қўшиб ҳисобланиши назарда тутилган.

Бироқ ушбу қонуннинг 37-моддаси 2-қисмида чекловлар ўрнатилган бўлиб, мазкур модданинг “д” ва бошқа бандларида назарда тутилган даврлар умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланган.

Қонундаги ушбу чеклов ногиронлиги бор болаларнинг парвариши билан банд бўлган ота ва оналарга пенсия таянч миқдорини олиш учун зарур бўлган иш стажини тўплаш имконини бермайди. Оқибатда шундай ота-оналарга ёшга доир пенсия тайинланаётганда қийинчиликларга дуч келинмоқда.

Халқаро амалиётда ногиронлиги бўлган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган фуқароларга пенсия таянч миқдорини белгилашда ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Аксинча, пенсияга чиқишда бундай фуқаролар учун қўшимча имтиёз ва компенсация тўловлари берилади. Мисол учун, Австралия, Дания, Норвегия, Шимолий Ирландия, Франция, Япония давлатларида ногиронларнинг парвариши билан банд бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида давлат дастурлари қабул қилиниб, уларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатланган.

Шунингдек, ижтимоий таъминот тизими мамлакатимизга яқин ҳисобланадиган Россия, Белоруссия ва Қозоғистон давлатларининг қонунчилигида ҳам ногиронлиги бор шахсларнинг парвариши билан банд бўлган фуқароларга пенсия тайинлашда чекловлар мавжуд эмас, аксинча, бир қатор енгилликлар белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, ногиронлиги бор шахсларни парваришлаб, улкан фидойилик, катта маънавий жасорат кўрсатаётган фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш зарурати пишиб етилган. Фуқаролар ижтимоий ҳимояси, ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати билан боғлиқ бу масала Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эга.

Шунинг учун партиямизнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддаси иккинчи қисмидаги “д” банди билан боғлиқ бўлган чекловларни истисно этадиган ўзгартиш киритиш, яъни ногиронлиги бўлган кишиларга қараган инсонларга пенсия тайинлашга салбий таъсир кўрсатиб келаётган меъёрни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш таклифини илгари сурмоқда.

Бу таклифнинг амалга ошиши ногиронлиги бўлган шахслар, уларга қаровчилар манфаатлари ҳимоясига хизмат қилиб, маънавий-руҳий мадад ҳам бўларди.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш