Тарғиботни кучайтириш учун бизга нима керак?

Хабарингиз бор, шу йилнинг 6-11 сентябрь кунлари ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан партия ҳудудий ташкилотлари масъул ходимлар учун видеомулоқот тарзида сиёсий ўқув машғулотлари ўтказилди. Ушбу ўқув сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва унда муваффақият қозониш йўлларига бағишланди. Маҳаллий партия кенгашлари раислари ва ўринбосарларининг сайловга тайёргарлик кўриш бўйича тажрибасини ошириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Бугун ушбу ўқув машғулотлари ўз ниҳоясига етди. Хўш, иштирокчиларнинг бу ҳақидаги тассуротлари қандай? Улар учун сиёсий-ўқув фойдали бўлдими?

 

Сардорбек ДУСМУҲАМЕДОВ, Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши ижрочи котиби:

Бугун ўқув-семинарнинг бешинчи куни. Шу муддат ичида дунёдаги сиёсий жараёнлар, соҳага доир назарий билимлар, янгиликлардан бохабар бўлдик. Партиямизнинг сайловолди ташвиқотларида инновацион ёндашиш кераклигини англадик. Айтиш керакки, семинар учун кунлик танланган мавзулар жуда долзарб бўлиб, уларнинг ўқув иштирокчиларига ноодатий услубларда етказилиши мақсадга мувофиқ бўлди. Айниқса, бугунги сайловолди баҳс-мунозараларга бағишланган дарс Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракциямиз аъзоси Абдуғаффар Қирғизбоев томонидан тўлиқ ва конструктив очиб берилди. Хусусан, дебатларда иштирок этишдан олдин пухта тайёргарлик кўриш, маълумотларни қисқа ва аниқ етказа олиш, баҳс жараёни ва қарши тарафни мунтазам таҳлил қилиб, сўнгра фикр билдириш лозимлигини билдик. Амалий машғулот давомида эса назарий билимимизни амалда қўллаб кўрдик. Ҳудудий тренерлар томонидан тайёрланган студияда кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда дебат ташкил этилди. Дебат давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш борасида тавсиялар берилди. Ўйлайманки, бу ҳаракатларимиз эртанги сиёсий кураш майдонида асқотади. Негаки, машқда қийин бўлса, жангда осон бўлиши ҳаётий тажрибадан маълум.

 

Баҳриддин БУЛАКОВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши тарғибот гуруҳи аъзоси:

— Ўқув-семинарнинг муҳим сиёсий жараён — сайловлар олдидан ташкил этилгани жуда яхши бўлди. Дарслар давомида аҳоли орасида тарғибот олиб боришнинг самарали услублари, қонунчиликка доир билимларимизни яна бир бор мустаҳкамлаб олдик. Бугунги дарснинг иккинчи соатида эса номзоднинг кучли ва кучсиз томонлари ҳамда аудиторияга таъсир ўтказиш воситалари хусусида фикр алмашдик. Маърузачилар номзодлар омма олдида нутқ сўзлаш, сайловолди дастурини аҳолига етказиб беришдан олдин аудиторияни сегментлаб олиши зарурлигини таъкидлашди. Бунга доим ҳам эътибор беравермаслигимизни амалий машғулотлар давомида яна бир бор англадик. Кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда иш олиб бордик. Айниқса, дарс давомида ўз номзодимизни сайловолди учрашувлар, дебатларга тайёрлаш жараёни жуда қизиқ бўлди. Мулоқотлар давомида устунликни қўлдан бой бермаслик учун қайси жиҳатларга эътибор бериш кераклигига аҳамият қаратилди. Мен ҳам семинар давомида эгаллаган билимимни ҳудудимиздаги тарғиботчилар гуруҳига етказаман. Ўйлайманки, беш кун давом этган сиёсий ўқув партиямиз Дастури ва сайловолди тарғиботида ўз натижасини кўрсатади.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Матбуот котиби.

← Рўйхатга қайтиш