Ҳар бир аёл муаммодан ҳоли яшашга ҳақлидир

 

Тонг саҳардан то кечга қадар уйнинг супир-сидири, куйдир-пишири... Бола одоби, тарбияси учун жавобгарлик. Хуллас, кичкина елкасида рўзғорнинг залворли юки бор.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, хонадонда катта-кичик нимаки масала бўлса, дастлаб аёл азият чекади. Уйимизда бир кунгина чироқ ўчса ҳам қийналадиган у, газ бўлмаса ҳам... Оиланинг нимадандир ками бўлса, етишмовчилик бўлса ҳам ўйлайдиган, кўнгли маҳзун тортадиган аввало, у. Бу шундай мўъжизаки, миттигина жуссада олам-олам матонат, ирода ва жасорат...

Буни англаган аёлини, аёлларни бошига кўтаради, англамаган эса... буёғини ҳар ким ҳаёти мисолида таҳлил қилиб олаверади.

Мамлакатимизда хотин-қизлар оғирини енгил қилиш, турмуш шароитларини яхшилаш масаласи бежизга кун тартибига кўндаланг қўйилмаган. Мақсад – аввало, аёллар учун рўзғорда барча шарт-шароитларни муҳайё қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдир. Тўғри, муаммонинг, эҳтиёжнинг якуни бўлмайди, лекин уларни имкон қадар ҳал этиш хотин-қизларнинг оилада ва жамиятдаги мавқеини ошириш, уларнинг ҳаётга муносабатини ўзгартиришда катта аҳамиятга эга.

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳамкорликда “Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз” мавзусида онлайн конференция ўтказди.

Конференция кутилгандан ҳам қизиқарли ташкил этилди. Иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари бир-бирини тўлдирди, таклифлар кўпайди, савол-жавоблар, кескин фикрлар, ўткир муаммолар очиқ-ойдин таҳлил қилинди.

Онлайн конференцияда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Оила ва аёллар комиссияси раиси, аъзолари ва депутатлар, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик суди, Адлия вазирлиги (ФҲДЁ), Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази масъул ходимлари мавзу юзасидан мулоҳаза юритишди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Оила ва аёллар масалалари комиссияси раиси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Варисова олиб борди ва кириш сўзи билан очиб берди.

Анжуманда хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, соғлигини муҳофаза қилиш, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Қайд этилдики, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Ўтган давр мобайнида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хотин-қизларнинг эркинликлари ва манфаатларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилди. Хусусан, ўтган йили “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Аёлларга кўплаб ижтимоий имтиёзлар берилди, уларнинг манфаатини ҳимоя қилишга эътибор тубдан кучайди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулшан Асатова “Хотин-қизлар ижтимоий ҳимояси: ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида маъруза қилди. Ҳозирги синовли кунларда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш муҳим масала эканини, бу борада олиб борилаётган амалий ишларга тўхталиб ўтди. Партия вакили ЎзХДП Сайловолди дастуридаги аҳолини, жумладан, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни уй-жой билан таъминлаш масаласига тўхталиб ўтди. Жойларда бу борада юзага келаёган муаммолар ҳақида гапирди.

– Хотин-қизларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири, уларнинг бандлигини таъминлашдир. Муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда 1 миллион атрофида ишсиз аёл бор, бунга доимий иш ўрнига эга бўлмаган, мавсумий ишларда банд аёллар қўшилса, уларнинг сони 2-2,5 миллионни ташкил қилади. Олдимизда турган муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларга берилаётган имтиёз ва имкониятларни кенг тарғиб этишдан иборат, – деди у.

Шунингдек, партия Сайловолди дастурига кўра, аёлларнинг бола боқиш таътилини тўлиқ меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш ҳамда давлат боғчаларига 2 ёшдан болаларни қабул қилишни қайта йўлга қўйиш масалаларида ҳам бир қатор таклифлар берди.

Конференцияда, шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид долзарб масалалар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар берди. Олий суд (аниқлаштиринг) масъул ходими оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёлғиз оналарни уй-жой билан таъминлаш муаммолари ва уларнинг ечимига алоҳида тўхталди. “Оила” илмий-амалий марказлари масъуллари ҳам хотин-қизлар ҳуқуқлари, манфаатини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, оилада ва жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапириб ўтишди.

Анжуман сўнггида ижтимоий кўмакка муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, оиласи билан ажрашган аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш масаласида қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қатъий мулоҳазалар ўртага ташланди.

Конференцияда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматга таклифлар тайёрланиши маълум қилинди.

 

Лазиза Шерова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати ходими

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш