“Таълим тўғрисида”ги Қонун: соҳада замонавий ва оқилона тизим яратишнинг янги ва яхлит асосидир

 

Ҳар қандай жамиятнинг эртаси, мамлакатнинг келажаги ёш авлодга берилаётган таълим-тарбиянинг сифатига боғлиқлиги ойдек равшан. Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига назар ташласак, уларнинг аксарияти таълимга эътибор, илм-фан ривожи билан шу даражага етгани яққол кўринади. Чиндан ҳам, таълим сифати ошса, кадрлар салоҳияти шунча кучаяди, кенг дунёқараш ва билимли авлод камолга етади. Шунда жамият эртасидан кўнгли тўқ яшайди.

Бугунги давр талаблари кечаги куннинг мезонларидан буткул фарқ қилади. Бошқа соҳаларда бўлгани каби таълим тизими ҳам даврга ҳамоҳанг тарзда янгиланиб боради. Замонавий фикрлайдиган, кун сайин дунёқарашини бойитиб борадиган кадрларни тайёрлаш масаласи таълим-тарбия соҳасида ҳам замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартларини, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш вазифасини кун тартибига қўйди.

Тўғри, ўтган давр мобайнида тизимда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилди. Айниқса, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида соҳа тубдан ислоҳ қилинди. Барча шарт-шароитларга эга, кўрса кўз қувнайдиган таълим муассасалари қуриб, фойдаланишга топширилди. Юртимизда 11 йиллик таълим қайта тикланди. Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар ташкил этилди. Хуллас, санаб адоғига етиш қийин...

Амалдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига 20 йилдан ошди. Табиийки, қонун нормалари бугунги изчил ислоҳотларга мос келмай қолган, таълим тизими янги, айтиш мумкинки, замонавий қонунга муҳтож бўлиб келаётган эди. Шунинг учун соҳадаги барча ютуқ ва камчиликлар, жаҳондаги тажриба ва тенденцияларни инобатга олган ҳолда, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди.

Шу йилнинг 23 сентябрь куни Президентимиз томонидан “Таълим тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Қонунга мувофиқ, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мактабдан ташқари таълим таълим турларига киритилди. Умуммий ўрта таълим I–XI синфларни ўз ичига олади. Ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга оширилади. Профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилади.

Шунингдек, қонунда бошланғич таълим, касб-ҳунар таълими, касб-ҳунар мактабларида 9-синф битирувчилари негизида бепул асосда кундузги таълим шаклида умумтаълим ва мутахассислик фанларининг икки йиллик интеграциялашган дастурлари асосида таълим амалга оширилиши белгиланди.

Яна бир аҳамиятли томони, қонунда таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси ҳуқуқий томондан мустаҳкамланди. Таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг, миллионлаб ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ватан равнақи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни вояга етказишда катта ҳуқуқий асос яратди. Энг муҳими, янгича фикрлайдиган ёшларнинг янгича ҳаракати ва интилиши учун муҳим қадамлар ташланди.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш