Сизга таъзим, сизга эҳтиром!

 

Илм ўргатмоқ заҳмати ниҳоятда машаққатли ва масъулиятлидир. Бу ишга бутун борлиғини, меҳрини бахш этадиган зот ҳам айнан устоз ва мураббийлардир. Дунёдаги барча касб ва соҳаларнинг мутахассислари устозларнинг, ўқитувчининг меҳнати билан шаклланади. Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақли ҳам ана шу ҳақиқат негизида пайдо бўлган.

Дарҳақиқат, эндигина ҳаётни таниётган, дунёқараши шаклланаётган мурғак қалбларга оқу-қорани танитадиган, мустақил фикрлашга ўргатадиган, қоқилса – суяб, йиқилса жажжи қўлларидан тутиб турғизадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Уни қанча таърифласанг ҳам, қанча тавсифласанг ҳам оз. Унинг ўлчови ҳам, ўхшаши ҳам йўқ.

Ўқитувчилик заҳматли касб, тинимсиз меҳнат, интилишни талаб қилади. Бироқ шогирдлар ютуғи, ота-оналарнинг раҳмати ҳамма қийинчиликларнинг роҳати, деб биламан. Мен ҳам кўп йиллар ўқитувчилик касбида ишладим. Фарзандларим ва ўз боламдек бўлиб қолган ўқувчиларимнинг ютуқлари билан умрим мазмунига баҳо бераман. Ана шунда бошим осмон қадар юксалади. Бундай ҳис-туйғу ҳар бир ўқитувчига таниш, албатта. Ўқувчининг, шогирдининг ютуғини кўриш, зафарини шодиёна билан қарши олиш энг катта саодат, аслида. Шундай пайтда чарчоқ ҳам, заҳмат ҳам унутилади. 

Юртимизда илм-маърифат азалдан юксак қадрланиб келган, мураббийлар ва устозлар табаррук зотлар саналган. Ўқитувчидек шарафли ва заҳматли касб эгаларининг меҳнати айниқса, истиқлол йилларида эъзоз ва эҳтиром топди. Ўтган давр мобайнида улар самарали меҳнат қилиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилди, уларнинг масъулиятли ва машаққатли меҳнатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Буларнинг барчаси тизимда меҳнат қилаётган ўқитувчилар фаолиятида ўз ифодасини топмоқда.

Педагоглар меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ғамхўрлик туфайли юзлаб устоз ва мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвонларига ва медалларига сазовор бўлди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари борлиги янада қувончлидир. Мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши ҳам ушбу касб эгаларига чуқур ҳурмат ва эҳтиром намунасидир.

Сўнгги уч йил мобайнида тизимдаги ижобий ўзгаришлар жараёнида ўқитувчилар меҳнатини эъзозлаш, уларни ортиқча ва кераксиз, фаолияти билан боғлиқ бўлмаган юмушларга жалб этмаслик, педагогларнинг касбий малака ва маҳоратини янада ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлида амалий қадамлар қўйилди.

Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, рағбат ўқитувчиларга жонкуярлик билан меҳнат қилиши, ёш авлод камоли йўлида тинимсиз изланиши учун катта куч бериши аниқ.

Шу кунларда юртимизда ҳаёт сўқмоқларидан одимлаб боришимизда устозлик қилган ва сабоқ берган, бу вазифани айни пайтда ҳам шараф билан бажариб келаётган ўқитувчиларимизнинг касб байрамлари кенг нишонланмоқда. Ҳамма устозини табриклашга ошиқмоқда...

Шу ўринда мўтабар зот - ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз! Келажак пойдеворини яратиш, ўғил-қизларимизга билим ва тарбия беришдек шарафли ва заҳматли касбингизга зафарлар тилайман. Илм-маърифат зиёсини таратишдан асло чарчаманг!

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш