Устоз ва мураббийлар юксак эҳтиромга муносиб

 

Ўзгаришлар, янгилик ва ютуқлар бўлиб турган соҳа фидойиларига илиқ сўз айтиш, касб байрами билан қутлаш инсонга яхши кайфият беради. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни, бу кунда нафақат педагоглар, шу билан бирга, барча соҳадаги устозларга эҳтиром, ҳурмат кўрсатилади. Касб байрамлари ичида ушбу байрам халқимиз, давлатимиз томонидан алоҳида эътибор ва эътироф билан нишонланади. Бунинг замирида чуқур маъно мужассам.

Педагогларнинг бу йилги байрами муҳим ўзгаришлар, қувонарли янгиликлар билан бирга нишонланаётгани алоҳида эътиборга молик. Биринчи навбатда ўқитувчилик касбининг мақоми жойига қўйилиб, бу борада ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.

Байрам арафасидаги муҳим янгилик парламент қабул қилган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг Президент томонидан имзолангани бўлди, деб ўйлайман. Мазкур қонун ҳар томонлама кенг қамровли, мамлакатимиздаги таълим-тарбия жараёнлари янги поғонага кўтарилишига асос бўлади.

Хусусан, унда педагог ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида экани, уларнинг касбий фаолиятига аралашилиши, хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Бу қонун ўқитувчиларни ўйлантириб, қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилиши керак. Шунинг учун парламентдаги муҳокамалар жараёнида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш мобайнида 230 дан ортиқ меъёрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, самарасиз ва эскирган меъёрлар чиқариб ташланди, энг асосийси, уларнинг ўрнига 50 дан ортиқ янги, тўғридан-тўғри амал қилувчи меъёрлар белгиланди. Ана шу рақамлар ҳам таълим-тарбия масаласи, педагоглар меҳнати жамиятимиз келажагида қанчалик аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Қонун билан таълимда энди кўп нарсалар ўзгаради. Бу ўзгаришлар орасида нодавлат таълим ташкилотлари умумий ўрта ва ўрта махсус таълим бериши мумкинлиги, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш (сиртқи, кечки, масофавий) учун шароити яратилгани, оилада ва мустақил таълим олиш мумкинлиги, инклюзив таълим олиш шакллари белгилангани каби муҳим янгиликларни ажратиб кўрсатиш лозим.

Бу ўзгаришларнинг барчаси мамлакатимизда таълим тизими тубдан янгиланишига, таълим олиш эркинлашишига, педагоглар фаолияти фақат таълим-тарбияга қаратилишига, уларнинг меҳнати қадрланиши ва қонун билан ҳимоя қилинишига шароит яратади. Бир сўз билан айтганда, таълим масаласида жамиятимизда замонга мос янги муҳит шаклланмоқда.

Пандемия шароитида ўқитувчилар меҳнати қанчалик машаққатли эканини ҳаммамиз янада чуқурроқ англаб етдик, ҳар биримиз ўзимизга тегишли хулосалар чиқардик, деб ўйлайман.

Айни пайтда педагогларимиз олдида ҳам янги чақирувлар, онлайн таълим-тарбия, ўқувчиларнинг ахборот асрида тез ўзгараётган руҳиятига мос келадиган илғор кўникмаларни эгаллаш билан боғлиқ долзарб вазифалар тургани сезилмоқда.

Юртимиздаги фидойи ўқитувчи ва мураббийларни, қадрли устозларни касб байрамлари билан чин юракдан, самимий табриклаймиз. Барча устоз ва мураббийларга машаққатли, шу билан бирга, шарафли фаолиятида куч-қувват, мустаҳкам ирода ҳамда давомли муваффақиятлар тилаймиз. Қадрингиз ҳар доим баланд бўлсин, қадрли устозлар!

 

Шербек Бўронов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш