Глобал масалалар бўйича аниқ таклифлар

 

“Жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтирмоқда. Бу муаммолар, айниқса, пандемия шароитида кескин тус олмоқда. Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур. Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этамиз”...

Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессияси минбаридан сўзлаган нутқи дунёдаги барча халқ ва элларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур муҳим масалаларни қамраб олгани билан эътиборлидир.

Давлатимиз раҳбари БМТнинг бундан аввалги сессиясида ҳам дунё миқёсидаги бир қатор долзарб масалалар юзасидан ғоят жўяли таклиф ва мулоҳазаларни ўртага ташлаган эди. Хусусан, дунё ёшларини тинчлик ва бунёдкор ғоялар йўлида бирлаштиришнинг истиқболли жиҳатларини асослаб берганди.

Орол ва Оролбўйи аҳолисининг экологик ташвишларини умумжаҳон миқёсида салбий таъсирлар қўзғатиши тўғрисидаги фикрлари инобатга олинган ва БМТ томонидан мазкур масалаларни бартараф этиш бўйича амалий интилишлар йўлга қўйилганди.

Ҳозирги синовли даврда давлатимиз раҳбари энг юксак минбардан туриб халқаро миқёсда долзарб бўлиб турган муаммоларга ечим бўладиган аниқ таклиф-ташаббусларни илгари сургани ҳар бир юртдошимизни ғурурлантирди.

Президентимиз БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди. Ўзбекистон раҳбарининг бу таклифи халқаро жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланди, деб ишонаман.

Пандемия даврида дунёда энг муҳим масалалардан бўлган инсоннинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида вазирлик тузилиб, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, турли шаклда субсидиялар бериш, янги иш ўринлари яратилишини қўллаб-қувватлаш, жамиятда юзага келиши мумкин бўлган тенгсизликнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда. Камбағалликни тугатиш бўйича мамлакатимизда жорий қилинган “Темир дафтар”, рўйхатга олинган аҳоли қатламларининг турмуш шароитларини яхшилаш юзасидан босқичма-босқичлик тамойили асосида амалга оширилаётган катта ҳажмдаги ислоҳотлар ривожланган давлатларнинг иқтисодчи олимлари томонидан кўп бора эътироф этилди.

Халқ демократик партияси ўз ғояларига мувофиқ равишда мамлакатимизда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, камбағалликка қарши кураш йўлидаги ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлайди, албатта. Партиямиз дастурий ғоялари бугунги давлат сиёсатига ҳамоҳанглиги биз партия фаоллари ва етакчиларини янада жўшқин фаолият юритишимизга учун бир чақириқ, деб ўйлайман. Демак, белгиланган вазифалар самарали амалга ошиши, таъсирчан парламент ва депутатлик назорати ўрнатилиши асосий вазифамиздир.

 

Илҳомжон АТАБОЕВ,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш