“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида қандай меъёрлар акс этмоқда?

 

Ҳозирги кунда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фуқароларимиз ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳасига асосий тушунчалар тўғрисидаги модда киритилиб, унда “конфессия, “миссионерлик”, “прозелетизм” каби кўплаб диний тушунчаларга изоҳлар берилмоқда. Шу билан бирга, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилмоқда. Хусусан, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилиб, давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда. Шунингдек, рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари рўйхати аниқ белгиланмоқда.

Ўзбекистон дунёвий давлат бўлганлиги боис, қонун билан таълим тизими диндан ажратилган. Фуқаролар қайси динга мансублигидан қатъий назар, дунёвий билим олиш ҳуқуқи таъминланади. Профессионал диний таълим олиш истаги бор фуқароларимиз диний таълим муассасаларида билим олишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорловчи ғояларнинг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган диний экспертизанинг ижобий хулосаси олингандан сўнг амалга оширилади.

Диний ташкилот томонидан қонун ҳужжатлари бузилган, шунингдек, устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки рўйхатдан ўтказувчи орган кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида ушбу диний ташкилотнинг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди.

Агар ушбу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, диний ташкилотнинг фаолияти прокуратура органлари ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Шунингдек, қуйидаги тартиблар бекор бўлмоқда:

  • диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор бўлмоқда;
  • диний ташкилотни тузиш ташаббускорларининг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда;
  • диний таълим муссасаларида диний таълим берувчи шахсларга марказий бошқарув органининг розилигини олиш талаби бекор бўлмоқда;
  • диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда.

Айни кунларда қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда. Ўйлаймизки, фуқароларимиз ушбу муҳокамаларда фаол иштирок этишади.

 

Дилбар Мамаджонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш