Депутат Шербек Бўронов ташаббуси билан 2 та мактаб капитал таъмирдан чиқарилди

 

Самарқанд вилояти Нарпай туманида тўлиқ қайтадан реконструкция қилинган 30 ва 43-умумий ўрта-таълим мактабларининг очилиш маросимлари ўтказилди. Тадбирларда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими мутасаддилари, ўқитувчилар, ота-оналар вакиллари иштирок этди.

Мазкур мактабларнинг замонавий кўринишга эга бўлишида ҳудуддан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Шербек Бўронов жонбозлик кўрсатди, депутатлигининг илк кунларидан мутасадди ташкилотларга мурожаат қилди.

Жорий йил 4 апрель куни ҳукуматнинг раёсат мажлисида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йилда қўшимча ижтимоий ва инфратузилма объектларини шакллантириш ва амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилган, депутат сўрови билан Нарпай туманидаги иккита мактаб ҳам манзилли рўйхатга киритилган эди.

Таъмир ишлари учун давлат бюджетидан 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, шу вақтга қадар иккита мактабда ҳам кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Дўстлик” МФЙ Хўжалар қишлоғидаги 43 мактаб 1982 йилда, “Ипак йўли” МФЙ Қорасийроқ қишлоғидаги 30-мактаб 1992 йилда қурилганига қарамай, ўтган йиллар давомида таъмирланмаган эди. Ҳозирда бири 600, кейингиси 320 нафар ўқувчига мўлжалланган мактаблар бинолари бутунлай янги қиёфага кирди.

Депутат Шербек Бўронов мутасадди-масъуллар, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бирга таъмирлаш ишларининг вақтида ва сифатли бажарилишини мунтазам кузатиб борди. Таъмир жараёнида юзага келган масалалар қисқа фурсатда туман ҳокимлиги билан бирга ҳал этилди.

Очилиш маросимида ўқитувчилар, ота-оналар вакиллари ўқувчилар учун яратилган қулай шароитдан мамнун эканликларини билдиришди. Шу тариқа депутат сайловчиларга берган иккита ваъдасини бажаришга эришди. Мактаблар жамоалари депутатга ўз ташаккурномаларини топширди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш