Ота-она тарбияси — жамият келажаги устуни

 

Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз. Бундай мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳар бир давлат олдида турган устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишидаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Ҳар бир миллат ўз истиқболини камолга етаётган ёшлари тимсолида кўради. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир ота-онанинг барча эзгу ниятида фарзандларини ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси мужассамдир. 

Инсон аввало оила бағрида униб-ўсади, шахс сифатида шаклланади. Фарзанд оилада жисмонан, фикран ва ахлоқан тарбияланиши, соғлом фикр ва гўзал ахлоқ билан қуроллантирилиши лозим. Бу ўринда оиланинг асосий вазифаларидан бири ёшларимизда ватанпарварлик ҳис-туйғуларини шакллантириш ва Ватанимизга муносиб бўлган, ҳар томонлама етук ва баркамол, илмли, ақлли, комил инсонларни тарбиялаб вояга етказишдан иборат бўлиши шарт. Оила аъзоларининг, айниқса ота-онанинг ахлоқий-маънавий етуклиги ва маърифий қарашлари фарзанд тарбияси ва камолида энг зарур ва муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мустаҳкам устун ота-онадир. Фарзандлари келажакда бахтли инсон бўлиб шаклланишини истаган ота-оналар болаларда билим олиш, ҳунар эгаллашга нисбатан энг муҳим мақсад ҳиссини тарбиялай олишлари лозим. Мактабга ва муаллимларга юксак эҳтиром туйғусини ривожлантириш ҳам келгусида болаларда билим олишга нисбатан қизиқишга асос яратади. Шу ўринда қизлар масаласида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қизларнинг билим олиши, уларнинг жамиятдаги ўрни алоҳида қайд қилиниб, буюк давлат арбоби Индира Гандининг “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, деган сўзларида катта ҳаётий ҳақиқат борлиги айтиб ўтилди.

“Шунинг учун жорий йилда қишлоқ жойларда яшаётган, кам таъминланган оилаларга мансуб қизларимиз олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида давлат гранти асосида ўқишлари учун 940 та ўрин ажратдик. Ўйлайманки, қизларимиз учун яратилган бундай қўшимча имконият яна юзлаб оилаларга билим ва маърифат нурини олиб киради. Бу, ўз навбатида, ёш қизларимизнинг келажакда жамият учун муносиб касб эгалари бўлиб камол топишига пухта замин яратади. Биз бу борадаги ишларимиз кўламини бундан кейин ҳам янада кўпайтириб борамиз”, - дейди муҳтарам Президентимиз.

Оиладаги таълим-тарбия, маънавий-ахлоқий қадриятлар кейинчалик одамлар орасида маҳалла-кўйда, таълим муассасаларида сайқал топади. Оилада соғлом муҳитни яратиш, ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, фарзандларга чуқур билим асосларини ўргатиш, уларнинг маърифатли ва маънавиятли кишилар бўлиб етишишларини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаб, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлишида ота-онанинг ўрни беқиёс. Баркамол инсон, унинг тарбияси ҳақидаги юксак ғоялар баён қилинган муқаддас ислом динида ҳам бунинг учун катта рағбат мавжуд. Бу ҳақда Муҳаммад (алайҳиссалом): “Фарзандларингизга таълим беринг, чунки улар сизники бўлмаган вақт учун туғилганлар”, деб ҳар бир ота-онани боланинг ўз замонаси илм-фани, таълимига бефарқ қарамасликка чақирганлар. Шунингдек, Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари “Билгил! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади... Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади” деб огоҳлантиргани бежиз эмас. 

Оила ижтимоий ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини, тарбиянинг узлуксизлигини таъминлайдиган, келажак насл қандай бўлиб етишишига ўз таъсирини кўрсатадиган ижтимоий макон эканлиги ҳаммамизга маълум. Оила муҳаббат, ҳурмат, бирдамлик ва меҳрибонлик манбаи. Айнан шу қадриятларга суянган жамият албатта ривож топади.

Улуғ мутафаккир Алишер Навоий ижодида инсон номи мағрур жаранглар экан, у “одамлар ҳам борлиққа инсон манфаатлари нуқтаи назаридан қараши, инсонийликни яратишлари, унга хилоф бўлган ҳодисалар учрагудек бўлса, уни бартараф этиш учун курашмоқлари керак”, — дейди.

Барчага аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзлари бор. Шунингдек, бугунги мураккаб глобаллашув даврида жамиятимизда миллий ғоя ва мафкуравий иммунитетни кучайтириш, ёшларимизни турли зарарли ғоя ва таҳдидлардан асраш, уларни ўз мустақил фикрига эга, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. 

Шу сабабли ҳам бугунги кун ота-оналари Президентнинг бу ташаббусини албатта қўллаб-қувватлайдилар ва янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар, деб ишонамиз.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш