АЁЛ ШАЪНИ ВА ҚАДРИ

Мунаввара УСМОНОВА, “Саодат” журнали Бош муҳаррири, шоира: 

Одатда, “муқаддас” сўзи ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қўлланилади. Шундай экан, нима учун гуноҳу савоблар чорраҳасида яшаётган аёлга нисбатан “муқаддас” сифати қўлланилганда, кучли қаршиликлар бўлмади, аксинча, қабул қилинди, яшаб қолди, яшаб келяпти. Ахир, аёл жонидан жон бунёд этади — инсон яратади.

Шу ўринда яна бир ҳолат эсимга тушди. Тўрт ёшли неварам кўчага қўғирчоғини олиб чиқмоқчи бўлди. Бундан беш-ўн дақиқа аввал у “кирланган” қўғирчоғини чўмилтирган эди. Неварам бирдан қўғирчоғига қараб:

– Ойижон, уят бўлади, у кўйлагини кийсин, – деди-да, қўғирчоққа либос кийдиришга тутинди.

 Нима демоқчиман? Тўрт ёшли қизалоқ, ҳали биров ўргатмасдан, табиий равишда “уят” сўзининг маънисига етади. Эҳтимол, кўпроқ бизнинг миллатимизга хос бўлган бу бебаҳо тушунчалар билан бирга туғилиб, бирга ўсиб, уларнинг умрига умр қўшиб яшаётганлари учун ҳам Аёл, Она муқаддасдир. Ҳарна бўлса-да, Аёлга, Онага эҳтиром хонадонларимиз, оилаларимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган энг бебаҳо қадриятларидан биридир. Миллатимизга хос энг гўзал қадриятларга бугуннинг маънавий тарбияси учун асосий мезон сифатида қараётган муҳтарам Президентимиз бу юксак лавозимга сайланган илк кунлариданоқ Аёлга эътибор масаласини кун тартибига қўйдилар. “Аёл бахтли бўлса, миллат бахтлидир” шиорининг амалий ифодасини бугун ҳар жабҳада кўриб, қувониб, фахрланиб турибмиз.

Яқинда Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 1-аёллар жазони ўташ муассасасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг сайёр суд мажлиси ҳам шу фикримизнинг яна бир исботи, десак янглишмаймиз. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров раислигида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган 6 нафар маҳкуманинг иши назорат тартибида кўриб чиқилди. Маҳкумалардан олти нафарининг ҳаммаси ўз қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги, ахлоқан тузалиш йўлига ўтганлиги, жинояти учун берилган жазонинг асосий қисмини ўтагани учун озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди. Кейинги икки йил мобайнида бу тарздаги инсонпарварликнинг олий намунасига бир неча бор гувоҳ бўлмоқдамизки, мамлакатимиз судлов тарихида илк бор қўлланилаётган бу амалиёт бизга чексиз миннатдорлик туйғуларини бахш этиш баробарида “Собиқ маҳкумалар бу эъзоз, эҳтиром, ишончнинг қадрига етолса эди, озодлик аталмиш буюк неъматга эришган хотин-қизлар жамиятда ўрнини топиб кетса эди”, деган истакни ҳам уйғотади. Аёллик, оналик ўрнига қайтганлар билан суҳбатлашар эканмиз, кўнглимиздан шундай ҳиссиётлар ўтар эди.

– Тижорат билан шуғулланардим. Худойим сийлаб уч нафар фарзанд берди. Эрим билан тинчгина яшаб келаётгандик. Лекин нафс балосига учиб, гиёҳванд моддалар олди-сотдисига аралашиб қолдим, – дейди улардан бири.

У афсус надомат билан ўз қилмиши ҳақида ҳикоя қилиб берди. Маълум бўлишича, у бундан олдин ҳам жиноятга қўл урган экан. Аёллиги, фарзандлари борлиги, муқаддам судланмаганлиги, пушаймонлиги ҳисобга олиниб, унга енгил жазо қўлланилган. Кейин... кейин у яна хато қилган. Бу гал яна эгри йўлга катта қадамлар билан борди. Иккинчи ҳукм ўқилган паллада хатосини англаб дод солиб йиғлади. Бу ҳукм 2013 йилнинг 8 апрель санасида ўқилди. У Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (60-моддаси қўлланилиб) 14 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2026 йилгача маҳкумаликда яшаши керак эди. Бу катта муддат унинг қилмишига яраша берилганди, албатта.

Лекин бугун мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати туфайли унга етти йил аввал озодликка чиқиш бахти насиб этди.

– Жазони ўташ муассасасида қилган хатоларингни ўйлаш, таҳлил қилиш учун кўп вақтинг бўлади. Нега шундай бўлди, деган саволнинг жавоби ўзимга калтак бўлиб тушаверади. Ким мени бу гирдобга тортган бўлса-да, барибир бош айбдор – ўзим, – дейди жазони ўтаётган аёллардан яна бири. Унинг пушаймонлиги кўз ёшларига қўшилиб юзини ювади.

– Обрўли хонадонга келин бўлган эдим. Яқинларимнинг юзини ерга қаратдим, — давом этади у.

– Бундай азобнинг нима эканлигини фақат бошидан ўтказган банда билади. Қўлимга кишан солиниб, уйдан чиққанимда мана бугун мени олиб кетгани келган қизим беш ёшли гўдак эди. Бу йил у мактабни битиряпти. Аълочи бўлибди, Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси экан. Кўзига қарашга хижолат тортяпман. Лекин энди кўзим очилди. Шунча йиллар қалбимда тўпланиб қолган, сарфланмаган меҳримни фарзандим, невараларимга бераман...

Унинг афсусларини тинглаб кўнгилдан:

“Эҳ, она-я, онаизор-а, шундай тўхтамга келиш учун 12 йил қамоқда ётиш керакмиди?” деган оғриқли савол ўтади кўнгилдан.

Афсуски, аёллар орасида бугун ҳам жиноятга қўл ураётганлар, хусусан, гиёҳвандлик олди-сотдисига қўшилиб, қўлга тушиб, қамалиб кетаётганлар учрамоқда... Уларга:

– Тўхтанг! Мана бу аёлнинг маҳбуслик жароҳат солган қалбларига боқинг, аччиқ афсусларини эшитинг, сабоқ олинг! – дегимиз келяпти...

Гап аввалини аёл муқаддаслигидан бошлаган эдик. Бу муқаддаслик ҳар бир аёлнинг шуҳратли ҳаёти билан улуғворлик касб этади. Ҳар аёлнинг хатоси, гуноҳидан дарзланади. Келинг, азиз опа-сингиллар, тўрт мучамиз саломат, тинч-осуда замонда, адолатли қонунлар муҳофазасида яшаётган эканмиз, Муқаддас тушунчасини эъзозлайлик, бу шарафга муносиб бўлайлик...

 

www.uzbekistonovozi.uz 

← Рўйхатга қайтиш