Хотин-қизлар ва ёшлар масаласи яна диққат марказида

 

Кейинги пайтда Хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида ҳам ушбу масала тез-тез муҳокама этилмоқда. Ҳар иккала йўналиш бўйича яхлит тизим яратилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ёки Ёшлар агентлигидан бошлаб, энг қуйи бўғин - маҳаллагача хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлайдиган лавозимлар жорий этилди. Ҳаттоки, ёшлар масалаларини ҳал этишга Президентнинг Халқ қабулхоналари, хотин-қизлар масалаларини ҳал этишга эса Касаба уюшмалари масъул этиб бириктирилди.

Ислоҳотларнинг кўлами ҳам, ҳажми ҳам катта. Лекин белгиланган вазифалар ижросига келганда ҳамма ҳам масъулият билан ёндашмаяпти. Минг афсуски, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласидаги ишларнинг самараси биз кутгандек бўлмаяпти. Хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, банклардан кредит олишдаги қийинчиликлар, аксарият ёшлар ва хотин-қизларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билмаслиги оқибатида турли хил зўравонликларга дуч келаётганлиги, улар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар муаммолигича қолмоқда.

Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар ва ёшлар муаммоларини бартараф этишда барчани, давлат, жамоат ва нодавлат-нотижорат ташкилотларини кенг жалб этиш, бу борадаги ишлар самарадорлиги, натижадорлигини ошириш мақсадида куни кеча яна видеоселектор йиғилишини ўтказди.

Видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими Хатирчи тумани ва Янгиер шаҳри мисолида муҳокама қилинди ва ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш топшириғи берилди.

Давлатимиз раҳбари “Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш”, – деб таъкидлади.

Албатта, уйма-уй юриб муаммоларни ўрганиш, уларни манзилли, жойида ҳал этиш яхши самара беради. Бунда кўзбўямачиликка, ҳисобот учун ишлашга йўл қўймаслигимиз даркор. Жамоатчилик назорати, депутатлик назорати кучайтирилиши ва бу ишларда ҳар бир шахс ўзини дахлдор ҳис қилиши лозим. Ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар, хотин-қизларга яхши яшаши, меҳнат қилиши учун имконият ва шароитларни яратсак, жамиятимиздаги кўплаб муаммоларнинг олдини олган бўламиз.

Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, бу борада нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилиши, ушбу маблағларнинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланиши, “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия ҳам берилиши маълум қилинди.

Биз – сиёсий партиялар вакиллари, депутатлар аввало хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни аҳоли, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида тарғиб қилишимиз, улар учун ажратилаётган маблағларнинг талан-тарожсиз ўз эгаларига етказилишини назорат қилишда фаоллик ва ташббускорлик кўрсатишимиз керак, деб ўйлайман.

Йиғилишда кўтарилган масаларлардан келиб чиқадиган бўлсак, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу ўринда қуйидаги масалалар бўйича Ўзбекистон ХДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали қонунчиликка ҳамда ҳукуматга таклифлар тайёрланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Жумладан, кам малака талаб қиладиган ишлар (масалан, мавсумий ишлар, уй хизматчилари)да банд бўлган аёллар машғулотлари соҳасининг қонунчиликда етарли даражада тартибга солинмаганлиги ёки мавжуд нормалардаги бўшлиқлар ҳам бугунги кун муаммоларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, бир марталик ишлар масаласи ҳам бугунги кунда долзарблигича қолмоқда. Бу борада янгича қарашлар, тузилмаларга эҳтиёж бор. Шундай агентликлар, мономарказлар ташкил қилиш керакки, хотин-қизларга ҳам уларнинг хизматларидан бирдек фойдаланиш имконияти яратилсин. Шунда аёллар мардикорлиги, уларнинг зўравонлик қурбонига айланишлари, алданишлари, турли салбий йўлларга кириб кетишининг олди олинади.   

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш