Эртасини ўйлаган мамлакат ёшларини эътиборсиз қолдирмайди

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида партия масъул ходимлари, Ёшлар парламенти аъзолари, вилоят кенгашлари ёшлар билан ишлаш сектор мудирлари иштирокида онлайн ўқув-семинар ташкил этилди. Кун тартибига кўра, иштирокчилар ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш масаласида сўз юритишди.

Қайд этилдики, Президентимиз раислигида 8 октябрь куни бўлиб ўтган жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар партия ташкилотлари, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Сўзга чиққанлар хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор, ушбу масалалар бўйича янги иш тизими жорий этилаётганига алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилади, уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бу йигит-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаолиятини оширишда муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Ушбу масалалар бевосита партия дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.

Халқ демократик партиясининг ёшлар билан боғлиқ асосий ғояларидан бири шуки, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ҳар бир йигит-қиз қобилиятини юзага чиқариш, таълим олиш, касб танлаш, меҳнат қилишдек устувор ҳуқуқларини амалга оширишда тенг имкониятларга эга бўлиши зарур. Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар йигит-қизларни бу борада ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этишга хизмат қилади, дейишди иштирокчилар.

Ёшлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббусларни кўпайтириш, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг мақбул ечимларини топишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳамда партиямиздан сайланган “Ёшлар парламенти” аъзолари изчил ҳамкорлик қилиши кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда парламентдаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” Низомининг мазмун моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Семинарда депутатлар ва ёшлар самимий суҳбат қуришди. Йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан партия фаоллари, депутатларга мурожаат қилишди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш