Юртимизда касб-ҳунарга қизиқадиган аёллар ва ёшлар кўп

 

Сайловчилар билан мулоқотларда хотин-қизлар ва ёшлар билан кўп суҳбатлашамиз. Истеъдодли, касбга, ҳунарга қизиқиши борлар жуда кўп. Фақатгина оилавий шароити, турмушдаги қийинчиликлар сабабли улар қўлидан келадиган ишни ҳам бажара олмаяпти. Бундай инсонларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериб, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятлар берсак, улар жамиятнинг фаол қатламига айланади.

Президентимиз раҳбарлигида 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу борадаги вазифалар чуқур муҳокама этилди. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки юртимизда аҳолининг катта қисмини хотин-қизлар ва ёшлар ташкил этади. Демак, ижтимоий масалаларнинг кўпи ҳам айнан уларга алоқадордир.

Йиғилишда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди. Эндиликда ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилиши, унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилиши қайд этилди. Демак, давлат ва жамоат ташкилотлари хотин-қизлар, ёшлар билан ҳамнафас бўлади, ҳамфикр бўлади. Уларнинг юрагига қулоқ тутади, муаммоларини ўрганади. Шу тариқа улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилишининг занжири яратилади.

Бу шунчаки занжир эмас, дафтарда қайд этилган масала эмас, балки унинг ортида минг-минглаб ёшнинг, шунча хотин-қизларнинг ҳаётини ўзгартириш, уларнинг орзу-мақсадларига эришиши учун йўл очиш, кўмак бериш вазифаси олдимизда турганини ўйлашимиз керак.

Йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш муҳимлиги уқтирилди.

Маълум бўлишича, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли. Ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган. Ана масаланинг яна бир томони. Ёшлар ва хотин-қизлар салоҳиятини намоён қилиши учун аввало, уларни касбга ўқитиш механизмини кўндаланг қўйиш керак. Меҳнат бозоридаги бугунги талаб ва уларга тайёрлиги ҳақида чуқурроқ ўйлаш лозим. Бу орқали кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳал бўлади, албатта.

Давлатимиз раҳбари ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашиш, бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарурлигини айтиб ўтди.

Албатта, аҳоли бандлигини таъминлашда энг самарали йўл аввало, меҳнат бозоридаги талабни ўрганиш ва шу асосида мутахассислар тайёрлашдир. Касбларга бўлган реал эҳтиёж аниқланиб, шу асосида хотин-қизлар ва ёшларга касб-ҳунар ўргатилса, эртага уларнинг ишга жойлашиш имконияти шунча кафолатли бўлади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Маълумки, жорий йилда ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманлар кесимида “манзилли режа”лар ишлаб чиқилиб, маҳаллий Кенгашларда тасдиқланган эди. Лекин очиғини айтиш керак, белгиланган ушбу режалар ижроси ҳамма жойда ҳам рисоладагидек бажарилаётгани йўқ. Манзилли режа номига эмас, жойлардаги ҳақиқий вазият, реал ҳолат асосида ишлаб чиқилса, кутилган самарани беради.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш