Хотин-қизлар ва ёшлар бандлиги: ушбу масалада янги иш тизими жорий этилади

 

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши хотин-қизларимиз, катта ҳаётга кириб келаётган йигит-қизларимизнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли, албатта.

Йиғилишда, хотин-қизлар ва ёшлар учун янги иш тизими жорий этилиши ҳақида таъкидланганда, тўғриси, кўнглимда фахр ва ифтихор туйиш билан бирга янада кучлироқ масъулиятни ҳис қилдим. Яратилаётган шароитлар, катта-катта имкониятлар ҳар бир ўзбек аёли, ёшлари учун ҳам қувончли экани аниқ.

Маълумки, Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни "темир дафтар" тузилган эди. Эндиликда ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида "ёшлар дафтари" ва "аёллар дафтари" ҳам шакллантирилади. Бу рўйхатлар "темир дафтар"дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.

Ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашиш, бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарурлиги қайд этилди. Бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантирилиши таъкидланди.

Ҳақиқаттан ҳам, ёшлар ва аёллар бандлиги ўта долзарб вазифа. Айниқса, бугунги мураккаб пандемия шароитида уларнинг бандлигини таъминлаш, уларга қулай меҳнат шароити яратиб бериш кечиктириб бўлмайдиган муҳим масаладир. Хотин-қизлар ва ёшлар мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этишини инобатга олсак, бу борадаги ижтимоий масалаларни ҳал этиш, муаммоларга ечим топиш бўйича янги иш тизими жорий этилиши нечоғлик аҳамияга эгалиги яққол намоён бўлади.

Жойларда аҳоли билан ўтказиладиган мулоқотларда хотин-қизларнинг орзу-истаклари, мақсадлари, қизиқишлари билан кўп ўртоқлашамиз. Учрашувларда кўпчилик аёллар ишласам, оилам даромадига улуш қўшсам, дейди. Уларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири айнани бандлигини таъминлаш эканига кўп амин бўлганмиз. Айтиш керакки, турмушдаги жуда кўп муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси 20,1 фоиз, аёллар ўртасида эса 17,4 фоиздан иборат. Демак кўриниб турганидек, ёшлар ва аёлларнинг дарди билан шуғулланиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, натижада оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш масаласини бир кун ҳам кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.

Тўғри, давлатнинг, ҳукуматнинг ушбу йўналишга эътибори катта, ислоҳотларда изчиллик бор. Шу йилнинг ўзида ҳам айнан Президент бошчилигида бу масала бир неччи маротаба муҳокама қилинди, катта-катта йиғилишларнинг кун тартибидан ўрин олди. Лекин очиғини айтиш керак, қуйида муаммолар жуда кўп. Расмиятчилик, қоғозбозлик учун қилинаётган ишлар бор. Режа ва дастурларда минг-минглаб иш ўрни яратиш вазифаси киритилади, аммо уларни амалга оширишга келганда, кўзбўямачиликка йўл қўйилади. Демак, ҳудудларнинг имконияти, шароитига, ишлаб чиқариш салоҳиятига қараб иш ўрни яратишни режалаштириш керак, деб ўйлайман.

Оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш бўйича қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Шароит бор, имтиёзлар етарли, фақат уларни кенг тарғиб қилиб, тушунтириш керак. Қўлидан иш келадиган хотин-қизлар жуда кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш керак. Қишлоқ жойларида айрим хонадонларнинг бўш турган томорқалари жуда кўп. Ундан фойдаланмаслик кўп ҳолларда сув муаммосига бориб тақалади. Мутасадди ташкилотлар, биз депутатлар уйма-уй юриб, бу борадаги муаммоларни атрофлича аниқлаб, бартараф этсак, хонадонлар даромад манбаига эга бўлади.

Президентимиз бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш деб бежизга уқтириб ўтмади.

Кун сайин ўзгараётган вазият, бугунги мураккаб шароит аҳоли бандлигини таъминлаш ва муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш масаласида эътиборсизлик қилишга йўл бермайди. Барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд ёшлар ва аёлларни номма-ном аниқлаб, уларни "ёшлар дафтари" ва "аёллар дафтари" киритишни фаол ташкил этиш, уларнинг юритилишини қатъий назорат қилишимиз энг муҳим вазифамиздир.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, Оила ва аёллар масалалари комиссияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш