Мустаҳкам ижтимоий барқарорлик гарови

 

2020 йил 8 октябрь санаси мамлакатимиздаги аёллар ва ёшлар ҳаётида туб бурилиш ясаган кун сифатида тарихга кирди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас…

Масала аниқ. Ечим бор, энди ижро жоиз.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ўрганишлар натижасига кўра, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли, ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламагани очиқланди.

Ўз-ўзидан аёнки, олдимизда турган масала кундай равшан. Ушбу рақамларни янада изчил ўрганиб, манзилли равишда хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш талаб этилади эндиликда. Бу борада ҳам давлат раҳбари томонидан ечим таклиф қилинди ва у 28 та ҳудудда синовдан ўтказилади Яъни, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” жорий қилинади. Буни амалдаги “темир дафтар”нинг бир қисми ёки тўлдирувчи сифатида тушуниш керак эмас, албатта. Зеро ушбу дафтарларда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар қайд этилади. Бир қарашда шу вазифанинг ўзи қатор масалалр ечими каби кўринади, аммо тан олиш лозим, ҳар қандай вазифа, айниқса у инсонлар манфаатига қаратилган, ижтимоий барқарорликка хизмат қилувчи бўлса, унинг ижроси шаффоф ва ўз вақтида бўлмоғи лозим.

Хусусан, “дафтар талаблари”га ҳар томонлама мос, керак бўлса, “лойиқ” фуқароларни танлаб олишда, хонадонма-хонадон юриш, дарҳақиқат, самарали усул. Бунда таниш-билиш, қариндош уруғ каби иллатларни четлаб ўтиш эса, аҳолининг ушбу ислоҳотларга нафақат ишончини мустаҳкамлайди, балки ҳайриҳохлар сафини ҳам ошириб, янгиланишлар самараси салмоғини юксалтиради. Демак, дастлабки асосий вазифа, реал муаммолар қаршисида қолган ёшлар ва аёлларни топиш, дафтарга қайд этишда адолатни таъминлаш.

Бу ҳали бошланиши...

Албатта, дафтарда қайд этиш, ижронинг бошланиши холос. Асосий вазифа, рўйхатга олинганлар билан ишлаш. Бу эса, тизимли ёндашувни талаб этади. Яъни, муайян ҳудуддаги мавжуд бўш иш ўринлари, ижтимоий муассасалар аҳволини таҳлил қилиш ва иш жойлари базасини яратиш лозим. Ўз навбатида, ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш давомида олинган хулосаларга кўра, ишга лаёқатли бўлганларини мавжуд иш жойларига йўналтириш орқали дастлабки ижобий натижага эришилади.

Истаймизми-йўқми, лаёқат ҳаммада ҳар хил, қизиқиш ва интилиш ҳам. Демакки, ўз-ўзидан касбга тайёрлаш масаласи ўртага чиқади. Бу борада берилган вазифалар ижроси ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса, давлат раҳбарининг мазкур жараёнларга нодавлат-нотижорат ташкилотларини фаол жалб қилишга доир таклифини қўллаб-қувватлашга асослар етарли. Зотан улар билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш бугунги кундаги долзарб вазифалардан биридир. Бу борада таклиф этилаётган “ижтимоий шартнома” тажрибаси алоҳида эътирофга лойиқ. Зеро мазкур тизим орқали аввало, фуқаро касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши учун давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилади.

Ният холис, мақсад аниқ

Пандемия. У 2020 йилнинг замонавий дунё тарихига ўчмас бўлиб ёзилиши сабабчиси. Зеро унинг ортидан дунё миқёсида зарар миқдори, хатто иккинчи жаҳон урушидан кейинги ҳолатдан ҳам ёмонлашиб кетгани айтилмоқда. Йил якунига кўра, глобал иқтисодий ўсиш 5,2 фоизга қисқариши прогноз қилинган. Бундай паст кўрсаткич, сўнгги 80 йил давомида илк бор кузатилмоқда. Иқтисодий муаммолар эса, яна қатор масалаларга ҳам асос бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш муайян иқтисодий асосларга эга бўлиши лозим. Ваҳолангки, Жаҳон банки томонидан яқинда эълон қилинган таҳлилларига кўра, инқироз давом этаверса, дунё қашшоқлари сони кейинги йил охирига бориб яна 150 миллионга кўпаяди. Пандемиягача бўлган даврда дунё ми қёсида турли манбалар бундай шароитдаги инсонлар 690 дан 736 млн нафаргача эканини иддао қилиб келганини инобатга олсак, ўта қашшоқлар, яъни бир кунда 1,9 доллардан камроқ даромад қилувчилар сони 1 млрдга яқинлашиши ойдинлашади. Ўз навбатида, жамғариб қўйилган маблағлари эвазига кун кечираётган ва айни пайтда тўлиқ иш жойига қайтмаган қатлам ҳам борки, уларнинг ҳам одатдаги ҳаётга қайтиши бирмунча қийин кечади.

Глобал миқёсдаги ушбу ҳолатлар афсуски, мамлакатимиз иқтисодига ҳам таъсир этмай қолмади. Шунга қарамай, миллий иқтисодиётимизда бироз ўсиш мавжудлиги прогноз қилинмоқда. Аммо бу ҳар йилги натижалардан сезиларли кам эканлиги, эҳтимолий қийин вазиятга тушиб қолиш хавфини оширади. Айниқса, ёлғиз оналар, меҳнат бозорига энди кириб келган ёшлар ва хотин қизларни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан муҳим. Бу эса, мазкур йиғилишда Президент томонидан илгари сурилган таклифларнинг амалий аҳамияти нақадар юқори эканини кўрсатади.

“Сеники-меники” йўқ

Халқимиз ўз тарихида қанча мушкулотларни бошдан ўтказмади. Ҳар гал сўз ва иш бирлиги, ягона ва эзгу мақсад йўлида, бир-бирининг қўлидан олиб, елкама-елка шараф билан ғалабага эришди. Бировни ёлғизлатиб қўйиш, болага эътиборсизлик қонимизга бегона.

Белгиланган вазифаларга мувофиқ, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади. Ўз навбатида, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилиши маълум қилинди. Эътибор қилайлик, ушбу маблағнинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. Ҳар қандай оғир шароитга қарамасдан, бундай харажатни амалга ошириш инсонпарварлик сиёсатининг энг ёрқин намунасидир. Фақатгина ушбу маблағлардан оқилона фойдаланиш, уларни манзилли йўналтиришга эътиборли бўлиш талаб этилади. Бу борада, алоҳида депутатлик назорати жорий этиш, хатто Парламент даражасида ушбу маблағ ижроси бўйича эшитувлар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Зеро ваколатимиздан келиб чиқиб, “халқ вакилимиз”, “қонун ишлаб чиқамиз”, деб ўтириш бугунги кун талабига умуман мос эмас. Ҳолбуки, давлат томонидан “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилиши ушбу йўналишнинг ҳам бугун ҳам эрта учун нақадар аҳамиятли эканлигидан далолат беради.

Шундай экан, барча масъул идоралар, депутатлар ва албатта, дафтарга қайд этилувчи фуқаролар ўзаро якдил, ягона мақсад сари дадил бирикишлари муҳим, ҳар қачонгидан муҳим. Зеро, аёллар ва хотин-қизларнинг мунтазам бандлигини таъминлаш ҳар қандай шароитда давлат ва жамият барқарорлигини таъминлаш асосидир. Демак, берилган вазифалар ижросида сансалорлик ва ўзи бўларликка йўл қўйиш ҳатто миллий хавфсизлигимизга солинадиган раҳна каби баҳоланса, адолатдан бўлади.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш