Қишлоқ аёли: Жасоратингиз олдида бош эгса арзийди

 

Бирданига кўз олдингизда заҳматкаш, қўли меҳнатдан қаварган, бир этак болаларини парваришлайдиган беғубор тимсол намоён бўлади. Дарҳақиқат, қишлоқда яшовчи аёлларнинг аксарияти жисмоний меҳнат билан банд. Бизнинг қишлоқ аёллари эса эркаклар билан баб-баравар ишлайди.

Яқинда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича республика ишчи гуруҳи таркибида Қашқадарёда бўлдим. Қарши туманидаги “Архидея” номли фермер хўжалигига борганимизда бир аёл чиқиб кутиб олди.

Баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашдик. Яқиндан танишдик. Исмлари Лариса экан. 30 йилдан ошиқ вақтдан бери мактабда муаллимлик қилаётган қаҳрамонимиз, тиним билмасдан ҳали қарасангиз мол-ҳол қилиш, уларни соғиш, томорқа иши, яна фермерликни ҳам қоилмақом тарзда удалаётганларидан ҳайратландик. Камига пахта ҳам тераётган эканлар.

Бунинг устига опа туманда шахсий ташаббус асосида биринчилардан бўлиб фаолиятини бошлаган хусусий боғчага ҳам раҳбарлик қилмоқда. Қоилмисиз?

Фарзандлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратган она қизини олийгоҳга ўқишга қабул қилинганидан боши осмонда.

Фермер хўжалиги ҳар йили шартномавий режани биринчилардан бажарар экан. Суҳбат давомида бу йил ҳам насиб этса юзи ёруғ бўлишини дадиллик билан таъкидлади. Олган маълумотимизга кўра, шартномавий режа бажарилибди.

Булар оғирлик қилиб чарчаб қолмаябсизми, қандай вақт ажратяпсиз, бир аёлга шунча юк, деб савол бердик. Опа ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ эканлиги, аксинча меҳнат орқали соғлом юриши ва бундан беҳад бахтиёрлигини такрорлашдан чарчамасди.

Тахминан йигирма дақиқа суҳбатимиз давомида Лариса опа Рўзимуратова ҳақида билганларимизни сиз билан ўртоқлашдим холос.

Демоқчи бўлганим шундай аёллармиз сафи кўпайсин. Сизга ўхшаган аёлларимизга бошим ерга теккунча таъзимдаман.

15-октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни билан юртимиздаги барча қишлоқ аёлларини табриклайман! Ҳеч қачон касал бўлманг.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палаатсидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш