Ўзбекистон инсонпарварлик сиёсатининг халқаро эътирофи

 

2020 йил 13 октябрь. Бу замонавий Ўзбекистон солномасига зарҳал ҳарфлар ила битилган кун. Шу куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан, тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди. Аммо бу тасодифан бўлди, дейишга шошилмаслик лозим.

Маълумки, 2017 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган ушбу чиқишида Давлат раҳбари инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ислоҳотларга алоҳида устуворлик берган ҳамда бу борада қисқа давр ичида қўлга киритилган натижалар билан бир қаторда, муҳим ислоҳотларга бел боғлангани хусусида тўхталиб ўтган эди.

Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилни тизимли равишда ҳаётга татбиқ қилишга қаратилган янгиланишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Зеро Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилиши ортидан қўлга киритилган натижалар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари жаноб Ал-Ҳусайннинг ташрифи якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижроси, дарҳақиқат, фуқароларимиз ҳаётида қисқа вақт ичида катта ўзгаришларга асос бўлди.

Бу борада ўзгаришлар тамомила мустақил, фақат маҳаллий тажриба эвазига эмас, балки миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан йўлга қўйилган очиқ мулоқотлар орқали амалга оширилаётгани ҳам уларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминламоқда.

Йиллар давомида фуқароларни қийнаб келаётган турли бюрократик тўсиқлар олиб ташланиши содда қилиб айтганда, одамга одамдек муомала қилиш мумкинлиги, ҳар кимнинг ҳуқуқи энг олий тушунча сифатида эътироф этилишини амалда таъминлаш имконияти мавжудлигини кўрсатди.

Бинобарин, қамоқда сақлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайта кўриб чиқилди. Адашганлар ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган, тўғри хулоса чиқариб, тузалиш йўлига қатъий ўтганлар фикри инобатга олина бошлади. Натижада минглаб, фуқаролар оилалари бағрига қайтди, уларнинг ижтимоий мослашуви ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Асосийси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан парламент ва фуқаролар назорати жорий этилди.

Бир сўз билан айтганда, бу йўналишдаги ислоҳотларга кенг кўламли асос қисқа вақт ичида шаклланди. Бу борадаги қатъият ва ўзига бўлган ишонч 2018 йил Женевада бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 37-сессиясида Ўзбекистон 2021-2023 йиллар мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида сайланиш истагини илк бор билдирганида тўла намоён бўлган эди.

 

Сиёсий ирода ва қатъият меваси

Сўз, ваъда ижроси билан қадрли. Бу борада Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсадлари сари қатъий равишда, оғишмай интилмоқда. Саъй ҳаракатлар ҳам тизимли равишда ташкил этилди. Хусусан, халқаро ва миллий ҳужжатларимизда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”гиқарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Бу эса, инсон ҳуқуқларини турли ёш категориялари бўйича янада аниқроқ ўрганиш ва таъминлаш учун қўйилган катта қадам бўлди. Бугунги кунда ушбу институт фаолияти ўз мевасини ҳам бермоқда. Хусусан, турли офатлардан зарар кўрган ҳудудлардаги болалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва пандемия сабаб оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалардаги болаларни қўллаб қувватлаш бўйича қатор ишларни амалга оширмоқда.

Ўз навбатида, шу йил 12-13 август кунлари Самарқандда ташкил этилган ва ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича веб-форуми ҳам соҳавий ислоҳотларда туб бурилиш ясагани бор гап. Зотан Халқаро анжуманда “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Шу билан бирга, мазкур Резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва бу борадаги халқаро мажбуриятларни бажаришга содиқлигини Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида яна бир бор қатъий намойиш қилди. Бу саъй-ҳаракатлар ўз навбатида жаҳон офкар оммаси томонидан илиқ кутиб олинди.

Мана олиб борилган машаққатли меҳнат мевасини кўриб турибмиз. БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси доирасидаги мамлакатимиз илк бор иштирок этган ушбу сайловда Ўзбекистон учун БМТга аъзо 191 давлатдан энг кўпчилиги – 169 таси овоз берди. Бу тарихий эътироф Ўзбекистоннинг инсонпарварлик сиёсати мамлакат ичкарисида ҳам ташқарисида ҳам янада кенгроқ қулоч ёйишига катта замин яратади.

 

Зулайҳо Акромова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш