Ерга эгалик қилишда ижтимоий тенглик тамойили бузилишига йўл қўйиб бўлмайди

 

Мамлакатимизда аҳоли сони тобора ўсиб бормоқда, ер ресурси эса чекланган, аксинча, унга бўлган эҳтиёж ортиб бораверади. Демографик масалаларни самарали ҳал этиш, ер ҳисобини юритиш билан боғлиқ ислоҳотларни замон талабига мослаштириш аллақачон кун тартибидаги долзарб масалага айланган.

Кеча Президент бошчилигида ўтказилган давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ердан самарали фойдаланилмаслигига бир қанча омиллар салбий таъсир кўрсатаётгани чуқур таҳлиллар асосида кўрсатиб берилди. Кадастр ва ер ҳисобини юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари эскиргани, улар мураккаб, тушунарсиз ёзилгани коррупцияга йўл очгани тушунтирилди.

Алоҳида қайд этиш керакки, ер ажратиш ва давлат кадастри соҳасида бир неча ўн йиллар мобайнида тўпланиб қолган тизимли муаммоларни бартараф этиш йўллари Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорларида кўрсатиб берилмоқда. Бу ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида мутасадди ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтларининг таклифлари, халқаро тажриба ҳисобга олинаётгани белгиланаётган чораларнинг самарали бўлишига хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари муаммоли масалаларга демократик тамойиллар асосида ечим топиш бўйича янгича механизм яратмоқда.

Видеоселекторда парламент, вакиллик ҳокимияти зиммасида ҳам катта масъулият турганини англадик. Ер кодекси 1998 йилда қабул қилинган бўлса-да, ўтган 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида ушбу ҳужжат дунёдаги илғор тажрибалар асосида етарли даражада такомиллаштирилмаган.

Ер ажратиш, мулқ ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги мутасадди ташкилотлар қарорларида қонуний тартиб-қоидаларга риоя этилмаслиги, турли чалкашликларга йўл қўйилиши низоли ҳолатлар кўпайиши ва фуқароларнинг мулк ҳуқуқига дахл қилинишига олиб келаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Тизимдаги коррупция ҳолатлари эса мулкка, ерга эгалик қилиш масалаларида ижтимоий тенглик тамойили бузилишига шароит яратади. Бундан ташқари, ер билан боғлиқ муносабатларда қонунга риоя қилинмаслиги айрим ҳолларда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқларидаги иш ўринлари барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатлардан биринчи навбатда Халқ демократик партияси электорати вакиллари зиён кўради.

Мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятсизлиги, иш юритишдаги қўпол камчиликлари ҳар хил оворагарчилик, баъзи ҳолларда йиллар давомидаги сарсонгарчиликларга сабаб бўлаётгани бу масалада бутун республика миқёсида тизимли, танқидий ёндашувни кучайтириш кераклигини англатади.

Бу жараёнда фуқаролар жабр кўриб қолмаслигига эътибор бериш, қарорларни қабул қилувчиларга нисбатан қатъий талаб қўйиш зарур. Ҳар қандай соҳада муаммолар келиб чиқиши, кўпайишига асосий сабабчи ўша тизимдаги ташкилотлар, уларнинг ходимлари бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Йиғилишда жиддий рақамлар келтирилди. Хусусан, 340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмагани, 1 миллиондан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқлиги танқид қилинди. Керакли тадбирларни шу уйларда миллионлаб оилалар истиқомат қилаётганини чуқур ўйлаб, амалга ошириш талаб этилади.

Уй-жойга кадастр ҳужжати қилинмаганида кўпроқ фуқароларни айбдор қилишга уринишдек ёндашувга берилиб кетмаслик муҳим.

Шунинг учун Халқ демократик партияси ер, кадастр билан боғлиқ муносабатларда ижтимоий адолат ва тенгликка эришиш, инсон омилини истисно этиш, қарорларни қабул қилиш жараёни ва натижалари шаффоф бўлишини таъминлайдиган тизим яратилиши зарур, деб ҳисоблайди. Бунинг энг самарали йўли замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланишдир.

Партиямиз ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимликларида аҳолининг ўсиш динамикасини ҳисобга олиб, ёш оилаларни қулай шартларда уй-жой билан таъминлаб бориш бўйича истиқболга мўлжалланган стратегия бўлиши керак, деб билади. Бунинг учун ҳудудлардаги демографик вазият депутатларнинг бевосита иштирокида атрофлича таҳлил этилиши зарур.

 Ер билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда парламент депутатлари, жойларда қарорлар қабул қилиниши жараёнида эса маҳаллий Кенгаш депутатлари қатъий позиция кўрсатиши талаб этилади.

Президентимиз алоҳида таъкидлагнидек, кўчмас мулк кадастри ҳисоби тўлиқ шакллантирилиши солиқ солиш базаси кенгайишига, шунинг ҳисобидан ижтимоий масалаларни ҳал этиш имкони ошишига хизмат қилади. Шу боис вилоят, туман ва шаҳарларнинг маъмурий чегараларини аниқлаш ишларини шу йил якунига қадар охирига етказиб, маҳаллий Кенгашларда тасдиқлаш вазифаси қўйилди. Бу жараёнларда ижтимоий адолат ва тенглик мезонларига амал қилиниши вакиллик ҳокимияти зиммасига катта масъулият юклашини, ердан оқилона фойдаланиш масаласида келажак авлод олдида қарзимиз борлигини унутмаслигимиз зарур.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш