Набирам билан бирга дарс қилдик, хафа бўлдим

 

Бу йилги ўқув йили оиламизга қувонч олиб келди, набирам 1-синфга борди. Минг афсус, касал бўлиб қолганлиги сабаб, ўқишни онлайн режимга кўчиришга мажбур бўлдик. Халқ таълими вазирлиги томонидан телевидение орқали онлайн берилаётган дарсларни биргаликда, ўқувчи қизимга ёрдам бериб, дарсларни бажара бошладик. Хақиқатан, онлайн дарслар ҳам худди мактабдагидек жуда чиройли, тушунарли олиб бориляпди.

Лекин инглиз тили дарсига келганда, муаммо бошланди, чунки дарслик худди юқори синф ўқувчиларига тайёрланганга ўхшайди, на альфавит билан таништирилди, на луғат билан...

Шунда ўзимизни ёшлигимизда чет тили дарсини ўқитилиш услуби хаёлимга келди. Ўша даврда ўтилган дарсларимизда ўқитувчимиз худди алифбони ўргатгандек чет тили дарсида ҳам аввало ҳарфларни таништирар, сўнгра китобни пастки қисмида берилган луғатни ёд олдирар эди. Бу эса, хаммамизга маълум, ўқувчининг сўз бойлигини оширар эди.

Тўғри, ҳозирги кунда мактабгача таълим муассасаларига қатнаган болажонларимизнинг инглиз тилидан озроқ хабари бордир. Лекин статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотига қамраб олиш даражаси 60-65 фоизни ташкил этадиган бўлса, қолган боғчага бормаган болажаонларимизнинг чет тилидан умуман хабари йўқ-ку?!

Дарсликда лингафон хоналаридан, дисклардан фойдаланиш тавсия этилган. Ҳозирги кунда чекка қишлоқда жойлашган мактаблар 100 фоиз шунга мослашганми? Мослашган тақдирда ҳам фақатгина битта синф мослашгандир, қолган болаларчи?..

Бутун дунёни қамраб олган COVID-19 пандемияси ҳали қанча давом этади, фарзандларимиз қачонгача онлайн таълим олишади, ҳеч ким аниқ жавоб беролмайди. Онлайн таълим олаётган болажонларимиз учун эса бу ҳам бир муаммо. Хуллас, дарслик билан танишар экансиз, кўплаб шундай саволларга дуч келасиз.

Фарзандини билимли қиламан, деган ота-оналаримиз қўшимча маблағ сарфлаб репетитор ёллашга мажбур бўлишади. Имконияти йўқ оилалардаги фарзандларимиз эса бу дарсларни ўзлаштиришга улгурмайди ва натижада уларнинг дарсга бўлган қизиқиши йўқолади.

Ёшларимизда чет тилларини ўрганишга иштиёқ кундан-кунга ошиб бормоқда, шунга яраша чет тилларини мукаммал биладиган ёшларга талаб ҳам катта. Бу жуда катта имконият.

Ўқувчиларни иштиёқини қўллаб-қувватлаш, бунинг учун мукаммал, тушунарли дарсликлар яратиш зарур. Токи, ота-оналаримиз бошланғич синфданоқ репетитор ёлламасин.

Ҳаммамизга маълум, пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, бино шунчалик бақувват бўлади. Биз болажонларимизнинг бошланғич синфдаги пойдевори мустаҳкам бўлишига замин яратайлик, уларнинг дарсликларини тушуниш, фойдаланиш учун қулай шаклга келтириб берайлик.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш