СЎРОВ БОР, ЖАВОБ ҚАЕРДА?

Мирислом УСМОНОВ, Халқ демократик партиясидан Тошкент туман Кенгаши депутати:

— Ҳудудлардаги ижро ҳокимияти, турли идоралар мутасаддилари депутатларнинг қонуний сўровларига етарли даражада эътибор бермаяпти.

Мисол учун, жорий йил февраль ойида Тошкент туманида йиллар давомида кечалари ёритилмайдиган асосий 11 та кўчадаги электр устунларига ёритгичлар ўрнатиш, яроқсиз ҳолга келиб қолган ёғоч устунларни бетон устунларга алмаштириш масаласи бўйича Тошкент вилоят ҳокимлигига йўлланган сўровимизга ҳанузгача жавоб бўлмади.

Аввалига жуда катта ваъдалар билан одамларни умидвор қилишди, қанча устун, қанча трансформатор зарурлиги ҳақида маълумот олиб келсангиз, тез кунда муаммони ҳал қилиб берамиз, деб суюнтиришди. Маълумотни топширгач, кутишимизни айтишди. Маълум муддат ўтгач, қайта мурожаат қилганимизда депутатлик сўровимизни ҳам, берган маълумотимизни ҳам топа олишмади. Натижа қидириб, умумий бўлимдан сўрасак, бошқармага, бошқарма эса ҳоким муовинига юборилган, деб жавоб беришди.

Мен фақат битта ҳолатни баён қилдим. Биз депутатлар ҳурматли раҳбарларимиз кириб бора олмаётган хонадонларга кираяпмиз, аҳолини қийнаётган, айрим раҳбарларга майда-чуйда, фуқаролар учун эса катта аҳамиятли муаммолардан хабардормиз. Биз давлат идораларига шахсий эмас, сайловчиларимиз дарди билан борамиз. Давлат бюджетидан маош олиб ишлаётган раҳбар ва мутахассисларнинг депутат сўрови, халқ дардига муносабати ўзгармас экан, ҳар кандай депутат аста-секин эл-юртнинг ишончини йўқотади, уни депутатликка илгари сурган партиянинг обрўси тўкилади.

Президентимиз томонидан депутатларга аҳолининг дардини ўрганиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш вазифаси қўйилди. Лекин депутатга, айниқса, маҳаллий Кенгашлар депутатларига раҳбар ходимлар муносабати ўзгармас экан, кўзланган мақсадга эриша олмаймиз.

Теглар

Тошкент
← Рўйхатга қайтиш