Давлат тилини ҳурмат қилишда мансабдорлар ўрнак бўлиши керак

 

Она тилида инсон боласининг ўзлиги намоён бўлади. Ўз тилимизни ҳурмат қилиб, миллат сифатида юксаламиз. Давлат тили эъзозланмаган давлатнинг жаҳондаги обрўси ҳам омонат бўлади.

Ифтихор билан айтишимиз мумкинки, дунёдаги 6 та барқарор туркий тилнинг бири ўзбек тилидир. Она тилимиз дунёнинг юздан ортиқ мактабларида, олтмишга яқин университетларида ўқитилади.

Ўз вақтида улкан маърифатпарвар Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадирган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидир”, деб ёзган эди.

Тил қайғусини миллат қайғуси, деб билган миллатпарвар, маърифатпарвар зиёли юртдошларимизнинг фидойилиги туфайли ҳали мустабид тузум давридаёқ, яъни 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига эришилди. Бу улкан қадам халқимиз руҳини кўтариб, миллий давлатимиз мустақиллигига йўл очди.

Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили — ўзбек тилидир”, деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади”, деб таъкидланган.

Афсуски, қонун меъёрларига, айниқса, мансабдор шахслар томонидан етарлича эътибор қаратилмагани Давлат тилининг ҳар томонлама ривожланишида бир қанча тўсиқ ва муаммоларни келтириб чиқарди.

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги довонларига чиқаётган даврда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фикримизнинг ёрқин далилидир. Ушбу ҳужжат асосида ҳозирги кунда Атамалар комиссияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида тузилма иш олиб бормоқда. Мамлакатимизда бу борада ягона давлат сиёсати таъминланмоқда.

Шу йилнинг 10 апрелида “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бундан буён 21 октябр – тил байрами сифатида кенг нишонланади.

Давлат тили — қонун ҳимоясида. Ҳар қандай ҳуқуқий жамиятда қонунни ҳурмат қилиш ва унга амал қилиш ҳуқуқий маданиятнинг бирламчи белгисидир. Кимдир бу ҳақиқатни билишни истамаса ёки билиб туриб амал қилмаса, жавобгарлик юзага келиши ва у кучайтирилиши табиийдир.

Қолаверса, ўзбек халқи тарихдаги улуғ маънавияти билан жаҳон тамаддунининг бешигини тебратган халқлардан бири. Ўзбек тили ана шу қадимий юксалишнинг бош манбаидир.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш