Она тилида хато ёзишдан уялмасликдек ғалати кайфият пайдо бўляпти

 

Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак бўлади.

“Хорижий тилларни билиш инсоннинг маданиятидан, зиёлилигидан дарак беради. Она тилини билиш эса ҳар бир фуқаро олдидаги муқаддас бурч”, деганида донишмандлар минг марта ҳақ фикрни айтишган.

Маълумки, давлат тили ва бошқа тилларнинг ривожланишида таълим муассасалари катта аҳамиятга эга. Афсуски, ўқувчи, талаба ёшларимиз ўртасида она тилини билиш, эъзозлаш масалаларида камчиликлар яққол сезилмоқда.

Она тили фани тилшунослик фанига айланиб қолгандек. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам, ота-оналар ҳам она тили таълими деганда тилшунослик қоидаларини ёдлаш, уларга доир машқ ва топшириқларни бажаришдан бошқа нарсани тасаввур қила олмайдиган бўлиб қолди. Оғзаки ва ёзма нутқ бўйича саводхонлик, нутқ ва мулоқот маданияти, бой сўз захираси, нотиқлик энг охирги ўринларга тушиб кетди.

Ўқувчиларнинг қўлида ўқув луғатларининг йўқлиги, ҳатто тузук-қуруқ имло луғатининг мавжуд эмаслиги, она тили дарсларида луғат дафтарлари юритилмаслиги – булар инкор қилиб бўлмайдиган далиллардир. Мактабларда диктант ёздиришга кам эътибор берилаётгани, олий ўқув юртларида эса она тили фанидан иншо имтиҳонларининг олиб ташланиши ва тест синовларига ҳаддан ташқари катта аҳамият берилиши ёшларимизга ўз таъсирини ўтказмай қўймади.

Иншо ёзишни ўргатадиган методология ҳам, манба ҳам йўқ. Аксарият ўқитувчилар иншо мавзусини бериш, қотиб қолган режа тузиш ва эпиграф танлашдан бошқа тавсия бера олмайди. Ўқувчиларда матн яратиш кўникма ва малакаси мутлақо шаклланмасдан қоляпти. Айрим иқтидорли болалар ўқиган матнларига тақлид қилиб, мустақил равишда ёзма нутқларини такомиллаштирадилар, холос.

Бунинг оқибатида ёшларимиз сўз бойлигини ошириш, стилис­тик ва орфографик хатолар устида ишлаш, ҳуснихат масалаларига эътиборсиз, бефарқ бўлиб қолди. Нотўғри гапириш, хато ёзишдан уялмасликдек ғалати кайфият пайдо бўляпти. Бундай кайфиятдаги кишилар эртага бирон соҳада фидойи шахс бўлиб етишишига ишониш қийин.

Биринчи синфдан бошлаб, адабий тилда ўқиш, ёзишларига қарамай, баъзи ёшлар тилимизнинг бир-биридан ёқимли сўзларини бузиб сўзлайдилар. Ўринли-ўринсиз ҳолларда хорижий сўзларни аралаштириб гапирадилар. Чиройли тарзда, адабий тил қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда гаплашиш қанчалар яхши. Бу ёш авлод тарбияси, қадриятлар давомийлиги билан боғлиқ муҳим масала саналади.

Она тилимиз софлигини сақлаш ва ҳимоя қилиш бевосита ўз қўлимизда. Бунинг учун кўп ўқиб-ўрганишимиз, ўз тилимизни ҳурматлашимиз зарур. Ана шундагина биз ўзлигимизни сақлаб қоламиз, тилимиз ривожига ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Сурат интернетдан олинди.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш