Она тилимизнинг софлиги, мавқеи ва нуфузини оширишга ҳар биримиз масъулмиз!

 

Тил — инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Шу билан бирга тил — давлат тимсоли, мулки ҳамдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

1989 йил 21 октябрда ўзбeк тилига давлат тили мақоми берилиши истиқлолга эришиш йўлидаги энг муҳим қадам бўлганди. Орадан 31 йил ўтди....

Ҳар йили ушбу кун олдидан ўзбек тили ва унга эътибор беришга доир турли мақолалар, кўрсатувлар, чиқишлар, йиғилишлар қилиш анъанага айланди. Нима учундир тилимиз ҳақида фақат 21 октябрь олди эсга оладиган бўлдик. Оддий ҳаётда эса, икки-уч тилни қориштириб гапирадиган, луғатидан “короче”, “вообще”, “ок” сўзларини чиқариб юбора олмаётган сўзловчиларга айландик.

Тўғри, ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, тилга бўлган эътиборни кучайтиришга қаратилган турли тадбирлар амалга оширилди ва ошириб келинмоқда. Лекин, ҳозирча етарлича натижа бермаяпти.

Оддий мисол, пандемия шароитида урф бўлган етказиб бериш хизматини “Доставка қилиш”, ҳар куни ишга бориш ва уйга қайтиш учун чиқадиган автобус бекатини “Остановка”, яна пандемия сабабли мажбурий бўлган ниқоб “Маска” деб талаффуз этилади. Бу афсуски, жуда оддий ҳол. Ҳозир буларни ўқиш давомида мен айтган сўзларни сиз ҳам айнан ўзбек тилида эмас, балки бошқа тилда сўзлашингизни сезиб қолдингиз. Наҳотки, эътибор бермадим, ростдан ҳам кўп ҳолларда рус тили ёки бошқа тиллардан кириб келган сўзларни ишлатар эканман, деб ҳайрон қолдингиз. Нутқимиздаги бу каби ноқисликлар жамиятдаги нутқ маданияти савиясига соя солиши табиий. Шуни унутмаслигимиз керак.

 

Ёки яна бир мисол, кўчаларимиздаги реклама баннерлари.

Алишер Навоий араб ёзувида бир нуқта “кўзни кўр қилиши” ҳақида бежиз ёзмаган. Яъни “кўз” сўзи ёзилаётганида янглишиб қўйиладиган бир нуқта туфайли “кўр” деб ўқилиши мумкин. Бизни кўчаларимиздаги реклама, (реклама сўзининг ўзбекча атамаси йўқ) турли овқатланиш шаҳобчалари, ташкилотлар пештоқидаги ёзувлар, бир нуқта эмас, бутун бир сўзларнинг бузиб ишлатилаётганини кўрсатади.

Тилга ҳурмат қачон пайдо бўлади? Уни ким шакллантиради? Саволга, биринчи жавоб бу – оила. Қачонки, оилада она тилига ҳурмат ўргатилар ва ота-она томонидан намуна қилиб кўрсатилар экан, фарзанд ҳам она тилига ҳурмат билан катта бўлади. Шунингдек, давлат тилига ҳурмат ва эътиборни оширадиган тарғиботлар ҳам кучайтирилиши, бошқа миллат вакилларида ўзбек тилини ўрганишга рағбатлар шакллантирилиши ҳам зарур.

Шу ўринда хорижий давлатларда давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка эътибор қаратсак.

 

Франция

Франция Конституциясига мувофиқ, француз тили давлат тили ҳисобланади. Тубон Қонунига биноан давлат ташкилотларида фаолият фақат француз тилида олиб борилади, ташкилотлар фаолиятга доир атамалар мавжуд бўлса, уларнинг инглиз ёки бошқа тиллардаги муқобил вариантларидан фойдаланиш таъқиқланади. Франция аҳолисининг 51 фоизи бошқа тилларда сўзлашади. Қонун талабларини бажармаганлиги учун жисмоний шахслар 700 евро, юридик шахслар 3750 евро миқдорида жаримага тортилади. Бошқа тилларда белгилари бўлган мол-мулк, пештоқдаги ёзув ёки ёрлиқлар мусодара қилиниши мумкин.

 

Россия

Россия Федерацияси Конституциясига мувофиқ, Россия Федерациясининг бутун ҳудудида давлат тили рус тилидир. Россия Федерациясининг “Давлат тили тўғрисида” ги Қонунига кўра, Россия ҳудудида фаолият юритувчи ҳар қандай ташкилот мулкчилик шаклидан қатъий назар давлат тилида фаолият олиб бориши шарт. Маълумот учун, Россияда 190 дан ортиқ миллат ва элатлар яшайди. “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунни бузилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

 

Туркия

Туркияда ягона расмий тил – турк тили ҳисобланади. Барча ёзишмалар, ҳисобот ва ҳисоб-китоблар истисносиз турк тилида олиб борилиши шарт. Ушбу талабларга риоя қилмаслик маъмурий жаримага олиб келади. Турк юридик шахслари ўртасида турк тилидан бошқа тилда тузилган шартномалар бекор қилинади.

Кўриб турганимиздек, ҳар бир давлатнинг расмий тили шу давлатнинг Конституцияси ва тилга оид қонунларида белгиланган бўлиб, ушбу қонунларда давлат тилига амал қилиш ва амал қилинмаган ҳолларда қандай жазолар белгиланиши аниқ кўрсатиб ўтилган. Ҳозирда, юртимизда ҳам “Давлат тили ҳақида”ги Қонун лойиҳаси янги таҳрирда ишлаб чиқиляпти. Ўйлаймизки, қонун ижодкорлари давлат тилининг бор бўй-бастини, мукаммаллигини ва бойлигини кўрсатиб бера оладиган ва шу билан бирга унга амал қилмаган ҳолда қандай чоралар қўлланилишини аниқ белгилаб берадиган Қонунни ишлаб чиқишади.

Тил ҳақидаги баҳс-мунозара, танқидий кўрсатув ва мақолалар, тилдаги муаммолар фақатгина 21 октябрь Ўзбек тили байрами арафасида эмас, балки доимо эътиборимизда бўлади, деб умид қиламиз.

 

Малика Рашидова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

 
← Рўйхатга қайтиш